Наврўз шодиёналари давом этмоқда
Юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Андижон вилоятининг “Янги Андижон” массивида ҳам Наврўз шодиёналари давом этмоқда.
Чор атрофда баҳорий кайфият, руҳий янгиланиш, меҳр-оқибат, яратувчанлик ҳамда бунёдкорлик ғояларини ўзида акс эттирган шиорлар ва паннолар. Инсонлар кўнглида бахтиёр яшашга, орзу-умидларни рўёбга чиқаришга бўлган ишончу интилиш янада ортган. Байрам шукуҳидан ҳар биримизга эзгу мақсад йўлида янгича қуч-ғайрат инади. Зеро, табиатдаги янгиланишлар одамлар дилига ҳам кўчгани каби ҳар бир юртдошимизнинг жисмида шижоат балқиб турибди. Бу эса ўз-ўзидан уларни янгидан-янги марралар сари ундаши табиий.
Байрамда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этиб, вилоят аҳлига соғлик-саломатлик, хуш кайфият тилади.
Ҳудудда ташкил этилган ярмаркаларда турли маҳсулотлар муҳайё этилган. Дошқозонларда сумалак пишаётган бўлса, моҳир ошпазлар байрам қатнашчиларига баҳор таомларидан улашмоқда.
Бир томонда халқимизнинг асрлар бўйи давом этиб келаётган миллий анъаналари, бир тарафда миллий спорт ўйинлари намойиши авжида. Дорбозларнинг ақлни шоширувчи ҳаракатларига маҳлиё бўлиб турганингизда санъаткорларнинг баҳорий оҳанглари янада мафтун этади.
[gallery-6342]
Байрам дастури, айниқса, фольклор-этнографик жамоалар ижросидаги лапар, ўлан, яллалар дилларни хушнуд этади. Қадимий халқ оҳанглари мумтоз ва замонавий наволарга уланди.
Ҳаваскор кичкинтойларнинг чиқишлари кўпчиликка манзур бўлиб, болажонларнинг юз-кўзидаги беғуборлик, баҳордек софлик ва тиниқлик ёшу кексанинг кўнглига илиқлик олиб киради.
Бугунги сайилда ҳам арқон тортиш, чиллак, кураш, каби миллий спорт ўйинлари қизиқарли тарзда давом этди, миллий либослар, ҳунармандчилик ашёлари кўргазмаси ташкил этилди.
Сайилгоҳга кўпчилик фарзандлари билан бирга келишгани ҳам кишига хуш кайфият бағишлади, кекса отахон-онахонлар эса невара-эвараларини етаклаб олган. Киши диққатини дарҳол тортадиган яна бир ҳолат – даҳа устидаги осмон баҳор элчилари ҳисобланмиш варраклар билан тўла. Уларни завқ билан учираётган болажонларнинг хурсандчилигини айтмайсизми?!
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ, ЎзА