Наврўз сайллари давом этмоқда
Урганч давлат педагогика институтида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида юртимизнинг энг гўзал миллий анъаналарини ўзида мужассам этган Наврўз сайли кўтаринки руҳда ўтказилди.
Баҳор айёмига бағишланган сайлда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча вилоятларига хос миллий қадрият ва урф-одатларнинг намуналаридан кўргазмалар, анъаналаримизни ўзида намоён этувчи саҳнавий чиқишлар, миллий қўшиқлардан иборат концерт дастури, миллий спорт ўйинлари ҳамда миллий таомлар намойиши кўпчиликка маъқул бўлди.
– Биз туркманлар ҳам ҳаётимизни баҳорсиз, Наврўзсиз тасаввур қилолмаймиз, – дейди филология ва тарих факультети талабаси Нурана Башимова. – Баҳор фаслида нафақат табиат, балки ўзимиз ҳам янгиланамиз. Наврўз Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатлар учун бирдек севимли ва энг қадрли байрамлардан биридир. Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшаш. Байрам дастурхонига тўғрама, қовурдақ туркман миллий таомларидан тайёрладик.
[gallery-22518]
Катта дошқозонда Наврўз байрамининг тансиқ таоми сумалак тайёрланди. Тош кўтариш, арқон тортиш, стол тенниси, шахмат, ланка, чуллак, армреслинг каби спорт мусобақалари ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, сайл давомида “Замонавий педагогик технологиялар орқали ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш: муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда фаол иштирок этган бир қатор олимлар тақдирланди.
Миллий атлас ва адрас либослари, турли миллат халқ ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда миллий қўшиқларимизнинг энг сара дурдоналарини ўзида мужассам этган концерт дастури барчага бирдек манзур бўлди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари