Наврўз қамоқхоналар эшигини ҳам чертди
Юртимизда баҳор фаслининг энг гўзал байрамларидан бири Наврўз айёми шукуҳи ҳамон кезиб юрибди. Пойтахтдан тортиб олис қишлоқлар, ҳатто баланд тоғлар, кенгликларда кезган бу шукуҳдан яйрамаган кўнгил, қувонмаган кўзлар бўлмаса керак.
Эзгулик айёми номини олган Наврўз қуш учиб киришга ҳайиқадиган, халқ тилида “қора панжара”, қамоқхона деб аталадиган масканлар – жазони ижро этиш муассасалари эшигини ҳам чертди. Бундай масканларда сақланаётган, бир қатра нурга ташна дилларга ҳам у ёруғлик олиб кирди.

Дарҳақиқат, Наврўз айнан шу жиҳати билан ҳам бошқа байрамлардан тубдан фарқ қилади. Зотан, бу байрамда уйғонаётган табиат симфониясига ҳамоҳанг тарзда қалбларимизда меҳр-мурувват жўш уради. Тансиқ баҳорий таомлар тайёрлаш билан бир қаторда, атроф-муҳитни поклаш, кўкаламзорлаштириш баробарида шикаста кўнгилларни обод этишга урғу кучайтирилади.
Турли жиноятларга қўл уриб, озодликдан маҳрум этилган шахслар, истаймизми-йўқми, жамиятимизнинг бир бўлаги. Улар ҳам кимнингдир жигаргўшаси, соғиниб кутаётган отаси, онасидир. Албатта, ҳар бири қилмишига яраша жазосини олган ва бунинг аччиқ таъмини тотиб юрибди. Бироқ, улар ҳам инсон. Шу маънода қамоқхоналарда ўтказилган байрам тадбирларини юксак инсонийлик намунаси, деб атасак тўғри бўлади.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги жазони ижро этиш муассасаларида байрам муносабати билан маданий-маърифий кечалар, “Заковат” интеллектуал ўйини, китобхонлик ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, 7-сонли жазони ижро этиш колониясида Наврўз байрами кўтаринки кайфиятда нишонланди. Махсус контингентлар ўртасида маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказилди.
Тадбирга Бўстонлиқ тумани маданият бўлими хонандаси Жавоҳир Мансуров ҳамда ёш эстрада хонандаси Шерзод Шораҳмедовлар ташриф буюриб, маҳкумлар эътиборига байрамона мусиқий чиқишлар ҳавола этилди. Колония бадиий ҳаваскорлик жамоаси томонидан ҳам қизиқарли саҳна кўринишлари тақдим этилди. Маҳкумлар ўртасида викторина ўйинлари ташкил этилди.
Мазкур масканда тарбиявий ишларни самарали ва изчил ташкил этиш, маҳкумларнинг маънавий-ахлоқий савиясини ошириш, уларнинг жазо муддатини ўтаб, озод бўлганидан сўнг ижтимоий ҳаётга мослашиши ҳамда қайта жиноят содир этишларининг олдини олиш бўйича Чирчиқ шаҳар Ёшлар ишлар агентлиги билан ҳамкорликда тарбиявий-профилактик тадбирлар ва «Заковат» интеллектуал ўйини ҳам ташкил этилди. Унда маҳкумлардан иборат бешта жамоа беллашди. Ғолиб жамоа эсдалик совғалари, китоблар билан тақдирланди.
9-сонли тергов ҳибсхонасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга нисбатан умумхалқ Наврўз байрами муносабати билан рағбатлантириш ҳамда тузалиш йўлига ўтганлигини аниқлаш мезонлари бўйича комиссия йиғилиши ташкил этилди.
21-сон жазони ижро этиш колониясида эса "Олам нурга тўлсин, сен билан Наврўз!" шиори остида маҳкумалар иштирокида маданий-маърифий концерт тадбири ўтказилди.
Тадбирга Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича масъул ходимлар ва санъаткорлар ташриф буюрди.
4-сон жазони ижро этиш колониясида Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши аъзолари билан биргаликда психологик тренинг ва маҳкумлар ўқиган китоблари бўйича китобхонлик кечаси ўтказилди. Тадбирда маҳкумлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Бундай байрам тадбирлари барча жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилди. Бу хайрли тадбирлар маҳкумлар, маҳкумаларнинг дилларига эзгулик уруғини қадаган бўлса, не ажаб.
Норгул Абдураимова, ЎзА