Навоийнинг ўлмас мероси
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижоди, у яшаган давр тарихи ўрганилгани сайин янги ва янада қизиқарли манбалар кўпайиб бораверади. Чунки Навоий ижоди бир уммонки, бу уммондаги билим бизни ҳамиша ўзига чорлайверади.
Шоир ижодини чуқур ўрганиб, илмий тадқиқотлар олиб бораётган олимлар янги китоблари билан адабиётимиз бойишига ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўлими томонидан тўрт жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси” нашрга тайёрланди.
Мазкур энциклопедия давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан чоп этилди.
Қомусдан навоийшунослик масалалари, буюк шоир асарларининг турли йиллардаги нашрлари, уларнинг хорижий тилларга таржималари, юртимиз ва жахон кутубхоналари хазиналарида сақланаётган қўлёзма ҳамда тошбосма китоблари, шунингдек, рассомлик, ҳайкалтарошлик, театр, кино сингари санъат турларида Алишер Навоий сиймосининг акс эттирилишига доир мақолалар, айрим лирик асарларнинг илмий таҳлиллари ҳам ўрин олган.
Унда, энг аввало, Алишер Навоий яшаган даврда Хуросон ва Мовароуннаҳрда адабий ҳаётдаги ижобий юксалишлар, уларни юзага келтирган омиллар ҳақидаги мақолаларга кенг ўрин ажратилган. Бу эса юртимизда кечган Иккинчи Уйғониш даври – Темурийлар Ренессансининг ҳаётий қудратини идрок қилиш ва унда Алишер Навоийнинг тутган ўрнини атрофлича мушоҳада этиш имконини беради.
Китобга Ҳусайн Мирзо ҳукмронлиги остидаги Хуросон пойтахти – Ҳиротда яшаб меҳнат қилган туркий қавмлар, уларнинг ўзига хос табиати, урф-одатлари, саройда тутган мавқелари тўғрисида қатор мақолалар киритилган. Шунингдек, улуғ шоир замондошлари, дўстлари, у билан ҳамнафас ижод қилган қалам аҳли ва уларнинг ижодий йўли борасидаги изланишлар адабиёт муҳиблари учун ҳамиша қизиқарли бўлган.
Энциклопедияда шоирнинг оиласи, қариндош-уруғи, дўстлари, мусоҳиблари, устоз ва шогирдлари, яқинлари ҳақида ҳам илмий аҳамиятга молик маълумотлар етарли.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА