Навоийда янги кон очилди
Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида “Мурунтов” кони таркибида “Балпантоғ - Томдибулоқ” конининг очилиш маросими ва бу ерда биринчи портлатиш ишлари амалга оширилди.
“Балпантоғ” ва “Томдибулоқ” конлари 40 миллион тоннадан ортиқ маъдан захирасига эга бўлиб, янги конларнинг олтин таркибли маъдани комбинатнинг 2-гидрометаллургия заводига 33 километр узунликдаги темир йўл орқали ташилади.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ахборот хизмати ходими Азамат Зариповнинг маълум қилишича, конлардан қарийб 15 йил мобайнида йилига 3 миллион тоннадан олтинга бой маъдан қазиб олинади. Бу ишларни бажариш учун конга 7 та гидравлик экскаватор, 5 та бурғулаш қурилмаси, 23 та автоағдаргич, 2 та тепловоз ва бошқа кўплаб кон техникаларини харид қилиш кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда битта замонавий гидравлик экскаватори, 90 тонна юк кўтариш қувватига эга 10 та автоағдаргич келтирилди.

Энг муҳими, лойиҳа доирасида конда 653 та янги иш ўрни яратилади.



Абдували Бўриев, ЎзА