Навоийда 1,3 миллиард сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда бюджет маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолат аниқланди.
Текширув материалларига кўра, “Навоийсувқурилишинвест” давлат муассасаси, Қуйи Зарафшон ирригация тизими ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция ҳамда “Н.С.” ва “B.Z.” МЧЖларининг масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, шартномалар асосида амалга оширилган тўловлар билан боғлиқ ҳужжатларга қўшиб ёзишлар киритган.
Натижада “DIVER” қурилмалари учун тўловлар тўлиқ амалга оширилган бўлса-да, ҳужжатлардаги қўшиб ёзишлар орқали 1,3 миллиард сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, яъни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири