Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Жанубий Кореянинг Жеонжу шаҳрида жойлашган Жеонбук миллий университети раҳбарияти ўртасида онлайн музокара ўтказилиб, иккала олий таълим даргоҳи ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Мазкур меморандумга асосан талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви қўшма лойиҳаларини ўз ичига олиб, дастлабки босқичда университетнинг 10 нафар, кейинчалик 40 нафаргача талабасини Жанубий Кореяда грант асосида ўқишини ташкил этиш белгиланган.
Жеонбук миллий университети Жанубий Кореянинг муҳандислик, робототехника, сунъий интеллект, электроника, материалшунослик ва бошқа технологик йўналишларда илмий тадқиқотларга катта эътибор берадиган нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири саналади.
***
Навбаҳор туманидаги 19-сонли умумий ўрта таълим мактаби мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишларидан сўнг фойдаланишга топширилди.

Мактабнинг мавжуд 240 ўринли ўқув биноси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Ислом тараққиёт банки ва халқаро ОПЕК маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирланди. Шунингдек, лойиҳа доирасида мактабнинг 240 ўринли қўшимча ўқув биноси барпо этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 миллиард сўмни ташкил этиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари “Музаффар Шаҳрибону пойдевори” МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Натижада мактабнинг ўқув хоналари ва ички инфратузилмаси янгиланиб, ўқувчи ҳамда педагоглар учун қулай, хавфсиз ва замонавий таълим муҳити яратилди.
***
Кармана туманидаги “Янгиариқ” МФЙ ҳудудида жойлашган “INDUSTRIAL GLOBAL GROUP” МЧЖ да “Маҳаллий хомашёлар асосида суперпластификаторлар олиш” инновацион лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Умумий қиймати 1 миллиард сўм бўлган лойиҳанинг 600 миллион сўми грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. 2022 йилда ишга туширилган лойиҳа доирасида 11 та янги иш ўрни яратилган. 2023-2026 йиллар давомида 4,2 миллиард сўмлик маҳсулот сотилган.
Жорий йилда корхона Хитойдан 250 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий ва энергия тежамкор ускуна ҳамда жиҳозларни олиб келиб, ишлаб чиқариш қувватини кенгайтирди. Натижада 2026 йилнинг 9 ойида 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, сотилди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири