Навоий – Учқудуқ йўналишида янги поезд қатнови
Бугун илк бора “Навоий – Учқудуқ-1 – Навоий” шаҳарлараро поезди қатнови йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва аҳолига замонавий транспорт хизматларини тақдим этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун қулай ва хавфсиз транспорт хизматларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Навоий – Учқудуқ-1 – Навоий” шаҳарлараро поезди қатнови ҳам ана шундай ислоҳотларнинг самарасидир. Янги қатнов аҳолининг вилоят марказидан Учқудуқ туманигача бўлган пунктларга бориб-келишини енгиллаштириш, сафарларни янада хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан қулай ташкил этишга хизмат қилади.

Поезд ҳар ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари соат 05:30 да Навоий шаҳридан, 14:50 да эса “Учқудуқ-1” темир йўл вокзалидан ҳаракатланади. Йўл давомийлиги 6,5 соатни ташкил этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири