Навоий шахмат ўйнаганми?
Шахмат ақлни чархловчи, хотирани мустаҳкамловчи ҳамда кишини фикрлаш ва оқилона қарор қабул қилишга ундовчи спорт турларидан бири саналади. Қадимдан аждодларимиз ҳам шатранж (шахмат) ўйини билан мунтазам шуғулланиб келишган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ҳатто Амир Темур даврида саройда ва юксак доираларда бу ўйин кенг урф бўлган. Соҳибқироннинг ўзи шатранжни маҳорат билан ўйнаган, унинг билимдонларини саройга таклиф этган. Бу ҳақда тарихчи Ибн Арабшоҳ шундай ёзади: “(Амир Темур) ўз фикрини пешлаш мақсадида муттасил шатранж ўйнарди. Унинг ҳиммати кичик шатранж (ўйнаш)дан олий бўлиб, катта шатранж ўйнарди”.
Шунингдек, Алишер Навоий серқирра истеъдод соҳиби бўлиш билан бирга шахматни ҳам маҳорат билан ўйнаган, бу қадимий ўйиннинг назарий жиҳатларидан яхши хабардор бўлган. Жумладан, “Лисон ут-тайр” ва “Садди Искандарий” достонларида, “Мажолис ун-нафоис” асарида шатранж юриш қоидалари ва у орқали чиқариладиган хулосалар битилган сатрларни учратиш мумкин.

Маълумки, ҳар йили 9 февраль - буюк бобокалонимиз, шоирлар султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудини кенг нишонлаймиз. Ушбу сана муносабати билан турли тадбирлар, мушоира кечалари, спорт мусобақалари ташкил этилади.
Бу йил эса Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра Алишер Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек, улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш белгиланган.
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви ташаббуси билан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят шахмат федерацияси, “Алишер Навоий нодир меросини тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси томонидан “Тинчлик” компанияси ҳомийлигида Навоий шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабида Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб 7 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар ёшлар ўртасида 6 ёш тоифасида ҳамда катталар ўртасида шахмат бўйича Навоий вилоят очиқ биринчилиги мусобақаси ташкил этилди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев, “Алишер Навоий нодир меросини тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси раиси, Навоий давлат педагогика институти профессори Абдуҳамид Холмуродов сўзга чиқиб, Алишер Навоий қолдирган бой меросни ўрганиш борасида олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида сўз юритишди ҳамда ғазал мулкининг султони номи билан юритилувчи вилоятда тарғибот тадбирларини юқори даражада ташкил этиш ҳар қачонгидан-да муҳимлигини таъкидлашди.
Шахмат бўйича халқаро тоифадаги ҳакам Абдураим Бухоров ҳакамлик қилган мусобақада вилоятдаги туман ва шаҳарлардан, шу жумладан, қўшни Самарқанд вилоятидан 250 нафардан ортиқ ҳаваскор спортчилар иштирок этишди. Баҳслар 7 турдан иборат бўлди.
Мусобақа сўнгида 7-8 ёшлилар ўртасида I-ўринни Бекзод Санақулов, 9-10 ёшлилар ўртасида Аваз Нормуҳаммадов, 11-12 ёшлилар ўртасида Санжар Мустафоев, 13-14 ёшли болалар ўртасида Барчиной Шокиржонова 15-16 ёшли ўсмирлар ўртасида Дилнура Раббимовалар қўлга киритишди.

17-18 ёш доирасида бўлиб ўтган баҳсларда I-ўринни Меҳриддин Юлдошев эгаллаган бўлса, катталар ўртасидаги муросасиз кечган баҳсларда биринчилик Расул Умаровга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ва мусобақа бош ҳомийси “Тинчлик” компаниясининг “Диплом”, қимматбаҳо совғалари ва медаллари билан тақдирландилар.
8-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан ижро этилган Алишер Навоий ғазаллари, саҳна кўринишлари, “Беш муҳим ташаббус” доирасидаги бадиий кўргазма, шунингдек, ёш спортчиларнинг чиқишлари барчада катта қизиқиш уйғотди.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА