Навоий машинасозлик заводи 60 ёшда
Бу йил биз учун қўшалоқ байрам. Навоий кон-металлургия комбинати ташкил топганлигининг 65 йиллиги ҳамда “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил топганлигининг 60 йиллигини нишонлаймиз. Ҳозир бу муҳим саналарга қизғин ва кўтаринки руҳда тайёргарлик кўрилмоқда.
Заводимиз Навоий кон-металлургия комбинатининг муҳим бўлинмаларидан бири ҳисобланади. Маҳаллийлаштирилган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича республикамиздаги энг илғор корхоналардан. Ҳозир корхонамизнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати ўртача бир триллион сўмдан зиёд. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номенклатураси ўн беш мингтадан ортиқ. Маҳсулотларимизнинг тўқсон етти фоизи асосан комбинат эҳтиёжига йўналтирилмоқда. Бу кўрсаткичлар ўз-ўзидан бирлашмамиз комбинатда олтин ишлаб чиқариш қувватларини қўллаб-қувватлашда муҳим бўғин эканлигидан далолат беради.

Корхона ўтган йиллар мобайнида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ўз маҳсулотлари билан мамлакатимиз саноати, комбинат ривожига хизмат қилиб келаяпти. Мустақиллик йиллари, айниқса, кейинги етти йил биз учун ҳақиқий юксалиш палласи бўлди. Шу даврда металл қуйишдан тортиб тайёр маҳсулот тайёрлашгача бўлган яхлит бир тизим йўлга қўйилди. Бунинг натижасида бир пайтлар ишлаб чиқариш суръати ўртача бўлган завод улкан бир корхонага, ҳақиқий ишлаб чиқариш кластерига айланди.

Олтмиш етти гектар майдонда жойлашган корхона таркибида 10 та асосий цех, 2 та участка, 2 та лаборатория, технологик, конструкторлик ва бошқа бўлимлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида Тахиатош металконструкциялар ва ностандарт жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи ва Сурхондарё вилоятида Термиз механика заводи кечаю кундуз бир маромда ишлаб, Ватанимиз ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
Тарихсиз келажак бўлмайди
Олтмиш йил. Бу айтишга осон. Шу даврда қанча ишлар амалга оширилмади, қандай ўзгаришлар рўй бермади, дейсиз! Бунинг барчаси бугун унутилмас тарихдир. Заводга дастлаб 1963 йилда тамал тоши қўйилиб, Марказий Қизилқумда очиқ уран конини ўзлаштиришга керакли ускуналарни ишлаб чиқариш учун ташкил этилган. Шу йилнинг ўзида металл кесиш ускуналари ўрнатилиб, биринчи маҳсулот олинган.

Ушбу даврда корхонамиз ҳаётида катта ўзгаришлар рўй берди. 1963 йилдан то 1991 йилгача Таъмирлаш-механика заводи, 1991 йилдан Навоий машинасозлик заводи, деб атала бошланди.
Йилига 600 тонна қувватга эга пайвандлаш электродлари ишлаб чиқариш участкаси ишга туширилгани, автомобиль двигателлари ва агрегатлари, жумладан, “БелАЗ” автоағдаргичи илк бор капитал таъмирлангани корхона ютуқларидан далолат беради. 2006 йилда сифат менежменти тизимининг ISО 9001:2000 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификатига лойиқ топилгани машаққатли меҳнатнинг ижобий эътирофи бўлди.

Заводнинг янги қиёфаси
Корхона тарихида янги саҳифа очган кейинги етти йил заводимиз учун ютуқларга бой бўлди.

1991 йилда 4,1 минг турда маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 15 минг турдан ошди. Яна бир мисол: 2008 йилда 16,5 минг тонна, 2013 йилда 19,9 минг тоннадан зиёд тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 34,7 минг тоннадан ортиқни ташкил этди. Бу рақамлар корхона йилма-йил ўсишда давом этаётгани, жамоа эътирофга молик ютуқлари билан корхонанинг янги тарихини яратаётганини кўрсатади.

Кейинги етти йилда ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида қабул қилинган дастурлар ва лойиҳалар асосида 500 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар, насослар, ностандарт жиҳозлар, ускуналар, металлконс-трукциялар ва бошқа маҳсулотлар ўзлаштирилди. Бу эса ўз навбатида кейинги йиларда фойдаланишга топширилган 5-, 6-, 7-гидрометаллургия заводлари, янги очилган ва ишлаб турган конлар, 2-гидрометаллургия заводида “Б” блок, 3-гидрометаллургия заводида замонавий мажмуа, “Мурунтов” кони 5-навбатининг 1-босқичи қурилишида валюта маблағларини иқтисод қилишда ниҳоятда асқатди.

Шу билан бирга, аниқ режалар асосида завод қувватини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш йўлида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 25,1 миллион доллар бўлган иккита лойиҳа ишга туширилди. “Механика-йиғув цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш (1-босқич)” инвестицион лойиҳаси асосида фойдаланишга топширилган механика-йиғув цехи ва қўймачилик цехидаги 25 тонналик замонавий печь шулар жумласидандир.

Янги цехнинг ишга тушгани оғирлиги 980 тоннагача бўлган тегирмонлар, шунингдек, янчиш ускуналари, насослар, қуюлтиргичлар ишлаб чиқариш ва уларни таъмирлаш, оғирлиги 400 тоннагача бўлган йирик ўлчамдаги жиҳозларга ишлов бериш имконини берди. Замонавий печь эса металл эритиш қувватини 30 фоизга, яъни 30 минг тоннадан 40 минг тоннагача оширади. Энг асосийси, ушбу печь автоматик равишда бошқарилади. Ҳар иккала лойиҳада келтирилган имкониятлар илгари бўлмаган. Бу нафақат ишлаб чиқариш қувватини ошириш, балки ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий ёшларни иш билан таъминлашга ҳам замин яратмоқда.
Дастурлар, лойиҳалар – ютуқлар гарови
Сўнгги йилларда Маҳаллийлаштириш дастури бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида шарли тегирмонлар, гидроциклон қурилмалар, технологик қуюлтиргичлар, замонавий металл кесиш дастгоҳлари, редукторлар, насослар, бурғилаш ускуналари учун эҳтиёт қисмлар, экскаваторларга ковшлар, ғалвирлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа юзлаб турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштиришга эришдик. Бундан ташқари, йўл қурилиши техникалари ва оғир юк кўтарувчи автоағдаргичларнинг капитал таъмирлаш ишлари ҳам фаолиятимизда янгилик бўлди.

Дастур ижроси бўйича кейинги етти йилда юқори ўсиш нуқтасига чиқиб олдик. 2015 йилда 23,4 миллард сўмлик, 2017 йилда 57,6 миллиард сўмлик, 2019 йилда 200 миллард сўмлик, 2022 йилда эса 113 та лойиҳа асосида 502 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилгани фикримизга мисолдир.

Маълумки, яқин йилларгача гидрометаллургия заводлари учун кенг ҳажмдаги шарли тегирмонлар четдан, валюта ҳисобига олиб келинар эди. Гидрометаллургия заводлари учун зарур бўлган мазкур ускуна маҳаллийлаштилди. Корхона мутахассислари томонидан ушбу ускунани бевосита заводда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳажми 140 метр куб бўлган шарли тегирмонни четдан харид қилишнинг импорт нархи 6 миллион долларга тенг. Корхонада эса бу маҳсулот тенг ярим нархида ишлаб чиқарилмоқда. 2019 йилда 2-гидрометаллургия заводига етказиб берилган тегирмондан 2,5 миллион доллардан ортиқ валюта иқтисод қилинди. Бундан ташқари, 7-гидрометаллургия заводи қурилишида қўлланилган асосий технологик ускуналар, турли дастгоҳлар, бутловчи материаллар, шарли тегирмонлар четдан олинмасдан, машинасозлик заводида тайёрлангани эвазига катта маблағ тежаб қолинди.

Ёки 6-гидрометаллургия заводига ҳам деярли барча асбоб-ускуналар НМЗ томонидан етказиб берилди. Жумладан, “55х75” ўлчамли 700 тонна оғирликдаги янги турдаги шарли тегирмон ҳамда масофадан бошқариладиган гидроциклон қурилмаси каби юқори қийматли янги маҳсулот турлари бунга мисолдир. Бу ҳақда шу йилнинг 8 сентябрь куни ўтган видеоселекторда давлатимиз раҳбари томонидан “Заводдаги қарийиб 50 миллион долларлик ускуналар саноат кооперацияси асосида ўзимизда ишлаб чиқарилган. Бу ҳам саноат ҳажмини оширишга қўшимча туртки бўлди”, дея алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинати тажрибаси сифатида ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “шатакка олиш” механизми жорий этилгани республикада катта эътирофларга сазовор бўлиб келаяпти. Бунинг натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперацияси алоқаларимиз йилдан йилга кенгайиб бормоқда.

Тошкент вилоятидаги “Lider Pem Prom” корхонасида қўзғатувчи тишли валлари дастлабки ишлов бериш учун, Навоий вилоятида жойлашган “Navpromlitmash”да оралиқ фильтр-грохот, “Gidro Stanko Servis”да вибрацион ғалвирлар, “Chauch” корхонасида полиуретан маҳсулотлар, “Latem-Metal”, “Istiqlol yulduzi omad”, “Shohrux Dildora”, “Xomashyo sifat servis”, “Registon”, “Sharq qurilish servis” каби тадбиркорлик субъектлари билан махсус чўяндан қуйма маҳсулотлар, конвейер роликлари, эҳтиёт ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш бўйича йўлга қўйилган ҳамкорлик яхши натижаларни бермоқда.
Жорий йил охирига қадар умумий қиймати қарийб 553 миллиард сўм бўлган 105 та лойиҳа бўйича маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунда янги турдаги металл кесиш дастгоҳлари, “55х75”, “70х23” русумли шарли тегирмонлар, экскаваторлар учун редуктор ва ковшлар, гидрометаллургия заводлари учун ускуна ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Бундай натижалар билан заводимиз нафақат республикамиз, балки Марказий Осиёда ягона оғир машинасозлик саноатини ривожлантириш имкониятларига эга бўлади.

Шунингдек, 2024 йилгача Инвестиция дастури доирасида станоксозликни янада кучайтириш кўзда тутилган. Бунинг учун 28 та юқори аниқликда ишлайдиган замонавий станоклар харид қилиш мўлжаллаган. Бу келгусида нафақат иш кўламини оширади, балки 200 та янги иш ўрнини яратишга кенг шароит яратади.
Меҳнат қилган элда азиз
Бугун заводимиз жамоаси ишлаши, ижтимоий ҳимояси бўйича барча шарт-шароитлар яратилган. Қувонарли жиҳати, жамоамизда ўз касбининг ҳақиқий усталари, фидоийлари кўпчиликни ташкил этади. Ҳар бир ишчи-хизматчи сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Ўз навбатида уларнинг фидокорона меҳнати доимий равишда рағбатлантирилмоқда.

Мустақиллик йилларида кўплаб фидоийларнинг касбига бўлган садоқати муносиб баҳоланиб, давлатимизнинг мукофотларига лойиқ кўрилди. Жумладан, токарь Абдисалом Раҳмонов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони, темирчи Фахриддин Ҳамдамов “Шуҳрат” медали ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени, кран машинисти Дилбар Тилабова, пресслаш ва болға машинисти Зулфия Аҳмедовалар “Меҳнат шуҳрати” ордени, муҳандис-технолог Рашид Қудратов, корхона собиқ директори Ўктам Раҳматов ҳамда асбобсозлик цехи бошлиғи ўринбосари Фахриддин Раҳмонов, цех бошлиғи ўринбосари Владимир Мастюгинлар “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Бундан ташқари, Истиқлол йилларида 78 нафар ҳамкасбимиз “НКМК фахрийси” ва турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари билан мукофотланган. Бу, албатта, ўз касбига содиқ инсонлар меҳнатига берилган баҳодир.

Мухтасар айтганда, бугун Навоий машинасозлик заводида олиб борилаётган ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар ҳайратланарли ва фахрланишга арзигуликдир. Бундай улкан натижалар Янги Ўзбекистон иқтисодиётини мустаҳкамлаш йўлида жамоамиз билан биргаликда маррани янада баланд олиб, изланиш ва интилиш, юксак самарадорликка эга янгиликлар яратишга чорлайди. Чунки ҳар доим илғорлар сафида бўлиш катта жамоамиз учун фахр ва улкан шарафдир.
Жаҳонгир Ҳайитов, Навоий машинасозлик заводи директори.
ЎзА