Навоий давлат университети ва Бучеон университети ҳамкорлиги янги босқичда
Bucheon University ректори, профессор Хан Чюнг Сучнинг таклифига биноан Навоий давлат университети ректори, профессор Муҳиддин Калонов Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб, университетнинг янги Sosa кампуси очилиш маросими ҳамда глобал академик ҳамкорликка бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди.
16 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашган конференция доирасида университетлараро ҳамкорлик, академик мобиллик, қўшма таълим дастурлари ҳамда илмий-тадқиқот алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

– Навоий давлат университети ва Бучеон университети ўртасида 2027 йилдан янги қўшма таълим дастурларини очиш (дастлаб бакалавриат босқичида) ҳамда илмий-инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди, – дейди М.Калонов. – Шунингдек, келишувга кўра, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини янада кенгайтириш, Навоий давлат университетида Спорт илмий-реабилитация марказини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Тадбир сўнггида иштирокчилар 2026 йил 9 сентябрь куни Навоий давлат университетида ташкил этилаётган “Корейс тили ва корейс маданияти маркази”нинг очилиш маросимига таклиф этилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири