"Навоий"даги корхонада бир кун
Бугун мамлакатимизда юқори технология асосида маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар кўп. Уларда тайёрланган маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки дунёда ҳам харидоргир.
Президент ташрифидан сўнг...
Бугун мамлакатимизда юқори технология асосида маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналар кўп. Уларда тайёрланган маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки дунёда ҳам харидоргир.
Шундай корхоналардан бири “Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган “Green Line Profil” масъулияти чекланган жамиятидир.
Бу корхонага куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар намуналари билан танишди.
Хўш, давлатимиз раҳбари нега айнан шу корхонага ташриф буюрди, унинг бошқа ишлаб чиқариш субъектларидан фарқи нимада, эришган ютуқлари-чи?
Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида мазкур корхонада бўлдик.
“Навоий” эркин иқтисодий зонасининг 11,93 гектар майдонини эгаллаган мазкур корхонада алюмин профиль ва алюмин маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Умумий қиймати қарийб 40 миллион доллар бўлган мазкур корхона 2018 йилда ишга туширилган. 650 иш ўрни яратилган. Жорий йилда 18,6 минг тонна маҳсулот тайёрланди ва 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Янги йилдан ишлаб чиқариш ҳажмини 22 минг тоннадан ошириб, экспорт миқдорини 14 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Корхона фаолияти билан танишишни алюминий эритиш цехидан бошладик. Автоматик кўтарилувчи 15 ва 30 тонналик печларга юкловчи қурилмалар орқали бирламчи алюминий хомашёси етказиб берилади. Бу печларда алюминий ўртача 700-750 даража ҳароратда 4-5 соатда эритилади. Суюқ металлга кимёвий қўшимчалар қўшилиб, бир соат давомида ишлов берилади. Шундан сўнг суюқ металл қуйиш столи орқали ўртача бир соатда қуйилади.
– Корхонанинг иккинчи босқичи ишга туширилганда қўшимча равишда яна иккита 35 тонналик эритиб қуйиш печлари ўрнатилади, – дейди қуйиш цехи бошлиғи Бахтиёр Нуриддинов. – Шундан сўнг корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қувватини 45 минг тоннага етказиш мўлжалланган.
Жуда катта кучланишдаги печларнинг оғзи очилганда ичидаги суюқ моддага айланган металларни кўриб ҳайратланасан киши.
Бу жараён тўлиқ автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилаётганини эътироф этиш жоиз. Ишчилар тоза, озода, хавфсизлик талабларига жавоб берадиган махсус кийимлар билан таъминланган.
Махсус шаклга кирган алюминий автоматлаштирилган арралаш ва логистика линияси орқали экструзия цехига узатилади. Бу цехда 37 та ишчи-ходим ишлайди.
Қуйиш цехидан чиққан алюминий биллетлар (ярим тайёр маҳсулот) турли профиллар ишлаб чиқариш учун экструзия цехига йўналтирилади. Ҳозирги кунда 4000, 2000, 1000 тонналик пресслар ишлаб турибди. Ушбу технологиялар замонавий ва тежамкорлиги бўйича Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
Экструзия линияларининг алоҳида эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, у сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ҳар бир линияда учтадан оператор ишлайди. 4 минг тонналик пресс эса хориждаги шу каби корхоналар билан бемалол беллаша олади. Ушбу прессда босиб ишланган юқори сифатли профиллар “Tashkent sity” лойиҳаси доирасидаги Конгресс-холл, Хилтон меҳмонхоналари қурилишида фойдаланилган. Профиллар ўзининг мустаҳкамлиги ва сифати билан ажралиб туради. Прессдаги алюминий 500 даражадаги ҳароратда қиздирилади. Мазкур учта пресснинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг тоннани ташкил қилади.
Корхона фаолияти билан танишишда давом этар эканмиз, арралаб ташланган турли ҳажмдаги профилларга кўзимиз тушди.
– Ишлаб чиқариш жараёнида сифат талабига жавоб бермайдиган профиллар арраланиб, қайта ишлов бериш учун шаклга келтирилиб прессланади, – дейди бош муҳандис Дилшод Раҳимов. – Кейин қуйиш цехига қайта эритиш учун юборилади. Яъни профиль ишлаб чиқарувчи корхонамиз техник чиқиндисиз фаолият олиб боради.
Босиб чиқарилган профиллар учта термик қаттиқлаштириш печларида 7-9 соат давомида мустаҳкамланади. Сўнгра профиллар қайта ишлов бериш цехига юборилади. Бу жараёнда профиль юзасига икки хил усулда ишлов берилади. Яъни вертикал кукунли ва анодлаш линиялари. Вертикал кукунли бўяш линиялари ўзининг тезлиги, сифати, энергия тежамкорлиги, инсон саломатлигига зарарсизлигиги билан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
Декоратив ишлов бериш ускунаси Туркиянинг машҳур “Аккурт” компаниясидан келтирилган бўлиб, профиль юзасига тирнаш орқали ишлов берилади ва профиль юзаси силлиқланади.
Анодлаш цехида эса 37 та кимёвий ванна мавжуд бўлиб, профиль юзасига ушбу ванналарда тўлдирилган кимёвий қўшимчалар ва электр токи ёрдамида турли хил ранг берилади. Бу эса ишлаб чиқарилган профиллар ўз хусусиятини 50 йилгача йўқотмаслигини кафолатлайди.
Тайёр бўлган профиллар қадоқлаш бўлимига юборилади ва у ерда устки қисми ҳимоя қилувчи қоплама ва «Made in Uzbekistan» бренди кўрсатилган ёрлиқ билан қопланади ҳамда тайёр маҳсулот харидорларга юборилади. Харидорлар ичида МДҲ давлатлари, Украина, Литва, Польша, Чехия, Германия, Канада, АҚШ ва бошқа хорижий мамлакатларнинг вакиллари борлиги қувонарлидир.