Навбатдаги Халқаро форум Хоразмда
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерация ва Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқлари ташкилоти (Consumers International), Халқаро истеъмолчи жамиятлари конфедерацияси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда “Sayyoh - 2021» халқаро форумига тайёргарлик ишларини амалга оширмоқда.
Форум Хоразм вилоятининг Хива ва Урганч шаҳарларида жорий йилнинг 23-25 ноябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилаётган форумдан мақсад, мамлакатнинг туризм салоҳияти ва жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш, туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштирилиш, туризмни ривожлантиришга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилишдан иборат.
Шунингдек, халқаро нормаларни туризм фаолияти ва амалиётга жорий этилишида кўмаклашиш ҳамда туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш форумнинг асосий йўналишларидандир.
Ўзбекистонда мустақилликнинг илк даврларидан истеъмолчилар ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинган. Аммо бугунга қадар соҳада мавжуд камчиликлар тадқиқ этилмоқда. Федерация томонидан ташкил этилаётган ушбу форум соҳадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, тизим ютуқларини тадқиқ этиш, халқаро тажрибани ҳаётимизга кириб келишида улкан роль ўйнайди. Бир сўз билан айтганда, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизнинг бой тарихи ва бугунги ривожланишлар билан жаҳон ҳамжамиятини таништиришда форумнинг ўз ўрни бор.
Қайд этиш жоизки, “Sayyoh - 2021» халқаро форумида Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқлари ташкилоти (Consumers International) президенти Маримуту Надасан ҳамда бош директори Хелена Лоран, Халқаро истеъмолчи жамиятлари конфедерацияси бошқарувчи раиси Димитрий Янин ва олтмишга яқин хорижий давлатлардан экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу форумда халқаро ташкилотларнинг бу каби вакилларининг иштироки юртимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қилинаётган ишларни кенг оммага тарғиб этишда, ривожланган мамлакатларнинг бу соҳадаги тажриба ва ютуқларини ўрганишда ўзига хос имкониятдир.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА