“Навбаҳор” муҳим синов арафасида
Ўтган йилги мамлакат суперлигасида кумуш медални қўлга киритган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси жорий мавсумда Осиё чемпионлар лигаси (ОЧЛ) саралаш баҳсида иштирок этади.
“Лочинлар” шу йил 22 август куни сафарда Қатар юлдузлар лигаси вакили “Ал-Вакра” клубига қарши майдонга тушади. Мазкур учрашувда водийлик футболчилар муваффақиятга эришса, ОЧЛнинг гуруҳ босқичида курашни давом эттиради. Шундай бўлса, табиийки унда Наманганда ҳам ўйинлар ўтказилади.

Осиё футбол конфедерациясининг тижорат ва трансляция бўйича экслюзив ҳамкори – “Football Marketing Asia” (FMA) ташкилоти делегациясининг юртимизга ташрифи ҳам айни шундан келиб чиққан ҳолда амалга оширилди. Ташриф доирасида делегация аъзолари “Навбаҳор” жамоасининг уй учрашувларини ўтказадиган Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионда бўлди.

“FMA” вакиллари “Навбаҳор” профессионал футбол клуби ҳамда “Марказий” стадион офислари, оммавий ахборот воситалари ходимларига мўлжалланган медиа трибуна, видеотакрор тизими – “VAR” учун ажратилган жой, бундан ташқари, жамоаларнинг кийим алмаштириш хоналари, матбуот анжумани зали, “VIP” зал, ўйингоҳ ҳудудини кўздан кечирди. Меҳмонлар танишувдан сўнг, бу борадаги ОФК талаблари, амалга ошириладиган ишлар бўйича ўз маслаҳат ва тавсияларини берди.
Делегация аъзолари “Ал-Вакра” клуби билан сафарда ўтказиладиган халқаро учрашувда “Навбаҳор” га омад ёр бўлиб, ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритишига тилак билдиришди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА