Натижа кўрсатганлар эътироф этилди
Сирдарё вилоятида маҳалла ёшлар етакчиларининг фаолиятини сарҳисоб қилиш, самарали иш тажрибаларини оммалаштириш ва ёшлар билан ишлашда натижадорликни янада ошириш мақсадида “Ёшлар етакчилари форуми” ўтказилди.
Форумда ёшлар етакчиларининг бугунги кундаги масъулияти, маҳаллаларда ёшлар билан манзилли ишлаш, амалий натижаларга эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадби рнинг очилиш қисмида Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати масъул ходими Нуриддин Шодиев ҳамда Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамовлар сўзга чиқишиб, ёшлар етакчилари фаолиятида ташаббускорлик ва масъулият муҳим ўрин тутишини таъкидлашди.

Шунингдек, ёшлар билан ишлашда самара кўрсатган етакчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш форумнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди.

Жумладан, Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан маҳалла ёшлар етакчилари ўртасида илк бор ўтказилган “Сирдарёлик китобхон ёшлар етакчиси” танлови ғолиби — Ховос тумани “Истиқлол” маҳалласи ёшлар етакчиси Қурбонбой Мирсидиқовга танловнинг махсус кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, ТОП-100 рейтингидан жой олган маҳалла ёшлар етакчилари ҳамда уларнинг ота-оналари тақдирланишди.

Маросимда ёшлар етакчиларининг эришаётган ютуқларида оила муҳити, ота-оналарнинг ишончи ва доимий қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Фарзандларини Ватанга садоқатли, ташаббускор ва масъулиятли инсонлар этиб тарбиялаётган ота-оналарга Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев номидан миннатдорлик хатлари тақдим қилинди.

Форум доирасида маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш ҳолати танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан ҳам кўриб чиқилди. Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ёшлар етакчиларининг фаолияти, ҳудудлардаги мавжуд муаммолар, амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.

Таҳлиллар айрим ҳудудларда ёшлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйилаётганини кўрсатди. Бундай ҳолатларни бартараф этиш, ташаббускорлик ва натижадорликни ошириш, ёшларнинг муаммо ва эҳтиёжларини чуқур ўрганиш зарурлиги қайд этилди.

Энг муҳими, “Ёшлар етакчиси” фаолиятининг асосий мезони — маҳалладаги ёшлар ҳаётида сезилаётган амалий натижадир. Шу нуқтаи назардан, йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик, ёшлар билан ишлашда шахсий ташаббус ва масъулиятни кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва огоҳлантиришлар берилди.

Форум якунида самарали фаолият юритаётган ёшлар етакчиларининг иш тажрибасини оммалаштириш, натижадорликни янада ошириш ҳамда маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш сифатини янги босқичга кўтариш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири