"Насаф" Суперлига пешқадамига айланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 10-турига келиб фаворитлар қолган жамоалардан очколар жамғаришда ўзиб кетди. Бу турда кутилмаганда «Навбаҳор» очко йўқотди, «Андижон» эса ўз майдонида аламли мағлубиятни қабул қилиб олди. Ҳа, ўзгача руҳда ўтаётган миллий чемпионатимиз турдан-турга қизиб бормоқда.
Мазкур турда «Насаф» — «Локомотив» баҳси йирик 3:0 ҳисобида якунланди. Учрашувдаги барча голларга Бобир Абдихолиқов муаллифлик қилди. Шунингдек, «Андижон» ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилди ва 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Ушбу натижалардан сўнг «Насаф» яққол пешқадам бўлиб олган бўлса, «Пахтакор» бир неча турдаги муваффақиятсизликдан сўнг кучли бешликка қайтди. «Андижон» эса сўнгги беш ўйиндан бери очко йўқотишда давом этмоқда ва жадвалдаги юқори ўрнини аста-секин йўқота бошлади.
11-тур олдидан «Насаф» 19 очко билан жадвални бошқараётган бўлса, «Навбаҳор», «ОКМК», «Нефтчи» 17 очко билан кейинги ўринлардан жой олди. «Пахтакор» 15 очко жамғариб, 5-ўринга кўтарилди. «Андижон» ва «Сўғдиёна» 14, «Сурхон» 12, «Динамо» ҳамда «Қизилқум» бир хил – 10 очко жамғарган ҳолда кучли ўнликдан ўрин эгаллади. «Олимпик» ва «Локомотив» жамоаси 9 очко билан 11-12 ўринда бораётган бўлса, «Бунёдкор» 6, «Металлург» эса 5 очко билан қуйи поғоналарда бормоқда.

Ушбу турдан ўрин олган «Андижон» — «Пахтакор» (1:3) баҳсини томоша қилиш учун «Бобур арена» стадионига 17 минг 152 нафар мухлис ташриф буюрди. Шунингдек, «Сурхон» — «Сўғдиёна» (1:0) учрашувини бор-йўғи 567 нафар мухлис стадиондан кузатди. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, 10-турга келиб футбол мухлисларининг стадионга келиши бироз камаймоқда. Умид қиламизки, кейинги турларда стадионларимиз Суперлига баҳсларининг аввалги турлари каби мухлислар билан тўлиб-тошади.
Ҳозирда Суперлига баҳсларида Тома Табатадзе ва Лупче Дориев 8 та гол урган ҳолда тўпурарлар жадвалини бошқариб бормоқда. Уларни Зоран Марушич 5 та гол билан таъқиб этиб бормоқда. «Андижон» жамоаси аъзоси Бектемир Абдуманнонов ўтган 10 турда жами 6 маротаба ассист қилди ва ҳозирда ушбу йўналиш бўйича чемпионатда унга тенг келадиган футболчи топилмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Суперлигасининг 11-тур учрашувлари 14-17 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Миллий чемпионатимизда ФИФА кунлари боис 12 кунлик танаффус эълон қилинади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 июнь куни Тошкентда жаҳон чемпионати иккинчи саралаши доирасида Туркманистон терма жамоаси билан, 11 июнь куни эса сафарда Эрон термасига қарши ўйин ўтказади.
Ҳозирда ушбу саралаш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси «Е» гуруҳида 10 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА