“Насаф” – Ўзбекистон кубоги соҳиби!
Футбол бўйича мамлакат кубогининг финал ўйини якунланди. Қаршининг “Насаф” жамоаси "Навбаҳор"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, учинчи бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.
30 октябрь куни Бухорода ўтган учрашувда саккиз марта Ўзбекистон кубоги финал баҳсида қатнашган "Насаф" ғалабани тантана қилди.
Шиддатли ўтган ўйинда голларга “Насаф”чилардан Акмал Мозговой (29 дақиқада) ва Матеус Лима(100), “Навбаҳор”чилардан эса Дониёр Абдуманнопов муаллифлик қилди.
Шу тариқа "Насаф" келаси йили ўтадиган Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида тўғридан-тўғри иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Агар клуб Суперлигада ҳам чемпионликни қўлга киритса, биринчиликда кумуш медаль соҳиби бўлган жамоа кейинги йўлланмага эга чиқади.
Ўзбекистон учун ОФК томонидан 2+2 кўринишида квота ажратилган. Икки жамоамиз тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида қатнашади, яна икки клубимиз саралаш босқичида ўз омадини синаб кўради.
Т.РЎЗИЕВ, ЎзА