Нархлар барқарорлиги таъминланмоқда
Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Тошкент вилояти туман-шаҳарларидаги деҳқон бозорларда ҳам ташкил этилган “Янги йил” савдо ярмаркаларида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш борасида тизимли иш олиб борилмоқда.
Мазкур ишлар мутасадди ташкилотлар томонидан мунтазам назоратга олинган. Истеъмол бозорларидаги нарх барқарорлигини таъминлаш ва норозиликлар вужудга келишининг олдини олиш борасида барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айни пайтда жойларда 22 та деҳқон бозори фаолият юритмоқда. Шунингдек, 388 та савдо ўринлардан иборат озиқ-овқат савдо ярмаркалари мунтазам эл хизматида.

Хусусан, вилоятдаги деҳқон бозорларида ташкил этилган “Элга хизмат” махсус расталарида 1 килограмм мол ва қўй гўшти ўртача – 65-70 минг сўм, товуқ гўшти ўртача 26 минг сўм, картошка ўртача – 2,5-4 минг сўм, пиёз ўртача 2 минг сўм, шакар – 13 минг сўм сотилмоқда. Қолган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам арзонлаштирилган нархларда харид қилиш мумкин.

Бундан ташқари, нархлар барқарорлигини таъминлашда деҳқон бозорлар ва туманнинг аҳоли гавжум бўлган жойларида ташкил этилган арзонлаштирилган “Янги йил” савдо ярмарка нуқталарига мавсум бошидан бери қўй, мол ва парранда гўштлари ва тухум маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан узлуксиз етказилиши йўлга қўйилган.

Хусусан, Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салихов бошчилигида сектор раҳбарлари ҳамда ҳудудда тузилган ишчи гуруҳ масъуллари билан биргаликда “Чиноз деҳқон бозори” МЧЖда байрам арафасида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди. Жараёнда аҳоли ва савдогарлар билан суҳбат қилиниб, нарх-навонинг барқарорлиги ҳамда асоссиз ошиб кетмаслигини таъминлаш бўйича тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этган ҳолда сотилиши борасида ҳам тавсиялар берилди.

Ўрганиш жараёнида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг расталарда узлуксизлигини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди. Бу борадаги ишлар бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.