Наркожиноятларга қарши курашишда замонавий усулларни қўллаш бўйича ҳамкорлик қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигида АҚШнинг Халқаро наркотикларга қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси (INL) вакили Н.Реттенмаер ҳамда АҚШнинг Наркотикларга қарши кураш агентлиги (DEA) ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари иштирок этди.

Учрашувда ходимларнинг касбий малакасини ошириш, яширин нарколабораторияларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш масаласига эътибор қаратилди.
Кибермаконда содир этилаётган наркожиноятларга қарши курашишда замонавий усулларни биргаликда қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳар бир йўналиш бўйича амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар, уларнинг ижро муддатлари ҳамда зарур ресурслар юзасидан келишувга эришилди.
Томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, тажриба ва технологияни бирлаштириб, самарали тизим яратишга келишиб олди.
Учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари INL ҳамда DEA каби нуфузли ташкилотлар томонидан ўқитилиши белгиланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА