Наркожиноятлар учун жазонинг оғирлаштирилгани потенциал жиноятчиларни тўхташга мажбур қилади
Миллат генофондини асраш, ёш авлодни гиёҳвандлик балосидан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди.
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 11 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонуннинг муҳим жиҳатлари ва аҳамияти ҳақида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Зумрад Бекатова қуйидагиларни гапириб берди:
– Замонавий дунёда гиёҳвандликнинг янги, яширин шакллари – синтетик наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг тарқалиш хавфи ортиб, фуқароларимиз, айниқса, ёш авлодни “аср вабоси” деб аталмиш бу балонинг гирдобига тобора тортиб бормоқда.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда 300 миллиондан ортиқ одам гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб қолган. Янада ачинарлиси, ҳар йили 600 минг одамнинг ҳаётдан эрта кўз юмиши психофаол моддалар қабул қилиш билан боғлиқ.
Таҳлиллар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг статистик маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, анъанавий наркотиклар ўрнини юқори технологик усулларда тайёрланган кимёвий моддалар эгалламоқда.
Айниқса, ёшлар ўртасида кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ҳолатларининг кўпайиши нафақат соғлиқни сақлаш тизими учун, балки миллий хавфсизлигимиз учун ҳам жиддий сигналдир.
Кейинги йилларда наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 2,5 баробар ошган, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари 2 баробар, йўқ қилинган синтетик наркотиклар 7 баробар кўпайган.
Биргина ўтган йилнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 15 мингдан зиёд наркожиноят фош этилиб, қарийб 3,5 тонна гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 120 килограмм синтетик наркотиклар йўқ қилинган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 2024 йилда республика ҳудудида 5 та ғайриқонуний нарколаборатория аниқланган бўлса, ушбу кўрсаткич 2025 йилда 14 тани ташкил этган.
Замон ўзгариши билан гиёҳвандлар тақиқланган моддаларни “қўлдан-қўлга” бериш усулидан воз кечиб, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлардаги яширин каналлар орқали фаолият юритмоқда. 2025 йилнинг ўзида 72 та йирик интернет дўкони фаолиятига чек қўйилган.
Наркожиноят учун 7 йилга озодликдан маҳрум этилган шахс, муддатидан илгари шартли озод қилиниб, ўртача 3 йил 4 ойда озодликка чиққан. Сўнгги 4 йилда бу тоифадаги жиноятларни такроран содир этган шахслар сони 2,25 бараварга ошган.
Амалдаги қонунчиликда гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгиланган бўлса-да, синтетик воситалар ва уларни тайёрлаш учун ишлатиладиган прекурсорларнинг яширин лабораторияларда ишлаб чиқарилиши ҳамда интернет тармоғи (нарко-дўконлар) орқали тарқатилиши бўйича нормалар етарли даражада қатъий эмас эди.
Янги қонуннинг моҳияти айнан шу бўшлиқларни тўлдириш, Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳамда бошқа қонунларга гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлганлик учун жавобгарликни белгиловчи нормаларни тизимлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган.
Эндиликда нафақат гиёҳвандлик воситалари, балки қонунга хилоф равишда муомалада бўлган кучли таъсир қилувчи моддалар учун ҳам жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Ушбу моддалар бўйича амалдаги жазо чоралари уларнинг зарарли оқибатларига нисбатан анча юмшоқ эди.
Янги нормалар наркотикларни ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни ноқонуний равишда ҳар қандай усулда ўтказиш ва шу каби қатор жиноятлар учун ҳам кескин чоралар кўришни назарда тутади.
Қонунда ўта оғир турдаги айрим наркожиноятлар учун жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмаслиги белгиланди. Янада аҳамиятлиси, вояга етмаганлар ва талабаларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш учун жавобгарлик оғирлаштирилди.
Вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддани истеъмол этишга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланди (амалда эса дастлаб маъмурий, кейин жиноий жазо қўлланилаётган эди).
Вояга етмаган шахсларни таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳлари ёки уларга туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Бугунги кунда гиёҳванд моддаларни четдан олиб келишдан кўра, мамлакат ичида яширин лабораторияларда тайёрлаш хавфи ортган. Сўнгги 5 йилда 29 нарколаборатория аниқланган.
Қонун билан ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш алоҳида жиноят сифатида белгиланди. Амалда ушбу жиноят учун жавобгарлик мавжуд эмас эди.
Қонунда телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ёки тарғиб қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритилди.
Қонун – жиноятчиларга берилган қатъий огоҳлантириш. Мазкур қонун амалиётга татбиқ этилиши натижасида ёшлар ўртасида гиёҳвандликка бўлган мойилликнинг олди олинади. Жазонинг муқаррарлиги ва оғирлиги потенциал жиноятчиларни тўхтатиб қолувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Уюшган наркожиноятчиликка жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қарши курашиш фаолияти мутлақо янги босқичга чиқади.
Норгул Абдураимова, ЎзА