Наркожиноятлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади ва маълумотлари сир тутилади
Бугунги кунда наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддаларни интернет орқали тарғиб қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Айниқса, ёшлар орасида бундай иллатлар кенг тарқалмоқда, 33 та нарколаборатория аниқланган. Бу эса наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини самарали тартибга солиш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соҳада давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришни тақозо этади.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан наркотиклар, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар муомаласини, шунингдек, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасини комплекс тартибга солиш назарда тутилмоқда.
Соҳада қўлланилаётган “наркотиклар”, “наркожиноят”, “нарковазият”, “гиёҳвандликка қарши курашиш”, “наркожиноятларга қарши курашиш”, “ғайриқонуний нарколаборатория” каби тушунчаларга ҳуқуқий таърифлар берилмоқда.
Наркотиклар, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар муомаласини назорат қилиш ҳамда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда. Жумладан, соҳадаги давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Наркотиклар устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилиши белгиланяпти.
Ҳужжат билан наркожиноятларнинг янги, айниқса, интернет тармоғидаги усулларига қарши курашиш, ноқонуний нарколабораторияларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи каналларини бартараф этиш бўйича тезкор-қидирув ва бошқа чораларни амалга ошириш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотларига аниқ вазифалар ҳам белгиланмоқда.
Шу билан бирга, наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини назорат қилиш билан бир қаторда, профилактика йўналишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, масъул давлат органлари ва ташкилотларига аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантиришга, таълим муассасаларида наркотиклар тарқалишининг олдини олиш, наркологик ёрдам, профилактика, диагностика, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар юклатилмоқда.
Бундан ташқари, наркожиноятлардан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши қаратилган янги механизмлар назарда тутиляпти. Жумладан, наркожиноятга йўл қўйган ёки наркожиноятлар натижасида олинган даромадларни легаллаштириш мақсадида молиявий операцияларни амалга оширган юридик шахсни суд қарорига асосан тугатиш мумкинлиги белгиланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасида наркожиноятларга қарши курашишда замонавий технологиялар ва илмий ёндашувлардан фойдаланишни рағбатлантириш, соҳадаги илмий, амалий ва технологик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, наркожиноятлар ҳақида хабар берган ёки уларга қарши курашишга кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш ва уларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишини кафолатлашга қаратилган нормалар ўз ифодасини топмоқда.
Шу билан бирга, наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг кириб келишидан токи реализация қилинишигача бўлган барча жараёнларни электрон назорат қилиш тизими яратилмоқда.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА