Наркотиклар контрабандасига қарши курашишда халқаро тажриба ўрганилмоқда
Айни кунларда мамлакатимиз мутасадди вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат делегация трансчегаравий уюшган наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Америка Қўшма Штатларида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Мазкур делегация таркибида Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Чориев ҳамда соҳанинг ваколатли мутахассислари иштирок этмоқда. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — трансчегаравий уюшган наркожиноятларга қарши курашишда илғор халқаро тажрибани ўрганиш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида идоралараро ва трансчегаравий ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

Ташриф дастури доирасида АҚШнинг бир қатор етакчи идоралари ва ташкилотлари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, INL, CT, EXBS, CDP ва SCA каби бюролар раҳбарлари билан моддий-техник базани мустаҳкамлаш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, АҚШнинг гиёҳвандликка қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги етакчи идоралари — DEA, FBI ҳамда Ички хавфсизлик департаменти (DHS) вакиллари билан интернет орқали амалга оширилаётган наркожиноятларни аниқлаш, ноқонуний молиявий схемаларга қарши курашиш ва замонавий таҳлил усулларини қўллаш бўйича тажриба алмашиш кўзда тутилган.

Делегация аъзолари АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг концептуал асослари билан яқиндан танишиш мақсадида бир қатор объектларга ташриф буюради. Жумладан, экспорт назорати ва чегара хавфсизлиги дастури (EXBS) доирасида учрашувлар, Сан-Исидро чегара божхона постида чегара назоратини ташкил этиш жараёни билан танишиш, шунингдек АҚШнинг жануби-ғарбий чегаралари бўйлаб амалга оширилаётган хавфсизлик чораларини ўрганиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ташриф дастуридан FBI академияси, DEA ўқув маркази, Нью-Йорк полиция департаменти ҳамда Нью-Йорк жанубий округи прокуратураси фаолияти билан танишиш ҳам ўрин олган. Ушбу муассасаларда контрабанда йўналишларини аниқлаш, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши курашиш ҳамда жиноятчиликка қарши замонавий ёндашувлар амалиёти ўрганилади.
Бундай амалий ташрифлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва замонавий технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ташриф якунлари бўйича республика ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда соҳавий олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишда янги стратегик ёндашувларни жорий этиш кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА