Нархлар барқарор, халқимиз рози бўлсин
Юртимизда ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Бугун дунёда “COVID – 19” коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Юртимизда ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг имзоланиши мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашдаги муҳим дастуриламал бўлди.
Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва унинг ҳудудий инспекциялари томонидан деҳқон бозорлар ва йирик савдо мажмуаларида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, халқимизни рози қилиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, доимий мониторинг ва назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Афсуски, эл бошига иш тушган бир пайтда вазиятдан устамонлик билан фойдаланмоқчи бўлган айрим “тадбиркор”лар фаолиятига чек қўйилди. Яъни, нархларни сунъий равишда ошириш ёки ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари кузатилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида ишчи гуруҳ томонидан вилоят Давлат солиқ бошқармасининг “Ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар юзасидан 10 ҳолат бўйича расмий баённомалар тузилиб, қарийб 4,5 миллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари вақтинча олиб қўйилди.
Бу каби ҳолатлар содир этилмаслиги учун солиқ хизмати органлари ходимлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда доимий назорат тадбирларини олиб бормоқда.
Шунингдек, бошқарма ва унинг қуйи тузилмаларида санитария-осойишталикни таъминлаш мақсадида кириш постларида доимий навбатчилик ўрнатилган бўлиб, бинога кириб-чиқаётган ходимнинг тана ҳароратини ўлчаш ва қўлларни антисептик воситалар билан дизенфекция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иноят МУҲАММАДИЕВ,
Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси
бошлиғи ўринбосари