Намунали етакчилар тақдирланди
Пойтахтимизда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ўртасида “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга етакчилик қилаётган маҳаллалардаги ёшлар етакчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда 9 444 нафар ёшлар етакчилари орасидан “Йилнинг энг намунали маҳалла етакчиси” танловининг саралаш босқичлари ташкил этилиб, республика босқичига 10 та йўналишдан 140 нафар ҳудудий босқич ғолиблари тавсия этилди.
Танлов 10 та йўналиш учун аталган 10 та шўбаларга бўлинган ҳолда бошланди.
[gallery-15173]
Жумладан, “Ёшлар баланси” тизими асосида самарали иш ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси”, “Ёшлар дафтари” тизими асосида самарали иш ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси”, “Ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси”, “Алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан самарали ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси”, “Ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга оширишда ва бандлигини таъминлашда самарали кўмаклашган энг намунали маҳалла етакчиси”, “Ташқи меҳнат миграциясидан қайтган ёшлар билан самарали ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси”, “Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёшлар билан тизимли ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси”, “Иқтидорли ва интеллектуал фаол ёшлар билан самарали ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси”, “Касб-ҳунарлар танловини юқори савияда ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси” ҳамда “Ёшларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган ва спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси” йўналишлари бўйича ўзаро беллашди.
Танловда ёшлар етакчиларининг фаолияти амалга оширган ишларининг натижадорлиги ва ўз устида ишлаб, шахсий ривожланишида кўрсатган натижасига қараб баҳоланди.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди.
Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА