Намойишлар Олимпиадага таҳдид соладими?
Франция Ижрочилар уюшмаси (SFA) тарқатган хабарда айтилишича, жорий йил 26 июль куни ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими ва Паралимпия ўйинлари билан боғлиқ машқлар олдидан намойиш бўлиб ўтади.
Энг йирик спорт анжумани тантаналари учун ёлланган бир гуруҳ актёр, раққоса ва акробатлар паст маоши ва меҳнат тенгсизлигидан норозилик билдирмоқда. Уюшма маълумотига кўра, ижрочи продюсер жамоа шартномасига зид амалиёт қўллаш оқибатидан огоҳлантирилганига қарамасдан, ташвишли ҳолат эътиборга олинмаяпти.

– Шов-шувли номутаносиблик мавжудлиги, тайёргарлик ва машғулот давомида ижтимоий мулоқот йўқлигини таъкидлаймиз, – дея қўшимча қилинган SFA хабарида. – Олимпиада учун рўйхатдан ўтган 3 минг нафар профессионал раққосадан 300 га яқини “шармандали молиявий шарт бўйича ишга олинган”.
“Париж-2024” очилиш маросими учун ишлаб чиқилган жадвалга кўра, 26 июль куни Сена ва дарё устидаги кўприклар бўйлаб ўтадиган маросим илк бор стадиондан ташқарида ўтади.

XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари очилиш маросими жараёнида Франция пойтахти кўчаларида 600 минг киши тўпланиши кутилмоқда. Ташкилий қўмита анжуман муваффақиятли ўтишини таъминлаш учун барча иштирокчилар иш шароитига жиддий эътибор қаратилиши, жамоавий битим тузишда қонунга қатъий риоя қилинишини тасдиқлади. Масалан, раққосаларга тўланадиган ҳақ регламентда белгиланган энг кам миқдордан ошиши айтилган.

Хўш, намойишлар “Париж-2024” ўйинларининг тантанали очилишига таҳдид соладими? Буни вақт кўрсатади. Ташкилий қўмита, ҳукумат ва тегишли идоралар эса салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур чора кўрилаётганини билдирган.
Т. Рўзиев, ЎзА