Наманганликлар Японияда таълим тажрибасини ўрганмоқда
Айни кунларда Японияда хизмат сафарида бўлиб турган ҳокимлик, таълим, маърифат, маънавият, ижтимоий ҳимоя соҳаси вакилларидан иборат Наманган вилояти делегацияси ташриф чоғида Чиба префектурасидаги Ичикава Гакуен хусусий таълим муассасасида бўлди.
2012 йилдан буён “UNESCO Associated Schools Network” (“ASPnet”) уюшмаси аъзоси ҳисобланган мактаб Буюк Британиянинг Кембриж, Оксфорд ва Этон таълим муассасалари, шунингдек, АҚШ, Канада, Сингапур, Янги Зеландия ҳамда Хитой давлатларидаги ҳамкор ташкилотлар билан халқаро алмашинув дастурларини амалга ошириб келмоқда.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров бошчилигидаги делегация аъзолари илм масканининг бошқарув тизими, ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини ташкил этиш механизмлари, ўқувчиларда ахлоқий фазилатларни шакллантиришга қаратилган ёндашувлар, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тажрибаси ҳамда замонавий педагогик услубларини ўрганди. Шунингдек, ушбу тажрибаларни маҳаллий таълим тизимига мослаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Хизмат сафари доирасида наманганлик маорифчилар “Funabashi Special Education School” мактаби фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу таълим даргоҳи интеллектуал ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда қўшимча таълим эҳтиёжларига эга болаларни ўқитиш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантиришга ихтисослашган. Меҳмонлар бу жойда инклюзив таълим дастури асосида ўқитиш методикасини ўрганишди.

Шунингдек, делегация “Takenedai Bunka Kindergarten” хусусий мактабгача таълим ташкилотини ҳам кўздан кечириб, ўйин орқали болаларга таълим бериш, соғлом ва хавфсиз ривожлантирувчи муҳит яратиш ва тарбиячиларнинг касбий фаолиятини ташкил этиш бўйича илғор ёндашувларни кузатди.

Япония таълимининг илғор тажрибалари, инновацион ёндашувлар ва самарали бошқарув амалиётларини ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.