Наманганга “Ankai” русумли замонавий автобуслар олиб келинди
Аҳоли сони бўйича “Миллионлик шаҳар” мақомига интилаётган Наманганда инфратузилмани ривожлантириш, одамларнинг жамоат транспортига талаб ва эҳтиёжни қондириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят марказида фуқароларга йўловчи ташиш хизматлари сифатини ошириш мақсадида яна бир муҳим қадам ташланди.
Давлатимиз раҳбарининг Наманганга ташрифи ҳамда транспорт тизимини такомиллаштириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида белгиланган режанинг навбатдаги босқичида Наманган шаҳрига “Малакали автотранс сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан 9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Хитой Халқ Республикасидан “Ankai” русумли 12 та замонавий автобус олиб келинди.

Янги транспорт воситаларини фойдаланишга топшириш муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари ва фаол нуронийлар қатнашдилар. Унда янги автобуслар калитлари ҳайдовчиларга топширилди.

Тадбирда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов вилоятда жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш, жумладан, янги автобуслар келтириш, йўналишларни оптималлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси, кейинги йилларда, Наманган шаҳрида жамоат транспорти хизматида кузатилаётган катта ижобий ўзгаришларга тўхталди. Янги автобуслар ҳам соҳани ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имкониятларнинг амалдаги ифодасидир.
Янги автобуслар Наманган шаҳрининг “Хонобод – Шербулоқ” йўналишида кунига қарийб 7 мингдан зиёд йўловчига сифатли ва замонавий транспорт хизмати кўрсатиш имкониятларини очди. Дастлабки йўловчилари эса, вилоят фаоллари ҳамда нуронийлар бўлди.

Умумий қиймати 1 миллион 875 минг АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳанинг кейинги босқичида йил якунига қадар яна 18 та автобус харид қилинади.
Янги автобусларнинг йўналишга чиқарилиши жамоат транспорти хизматлари сифатини янада яхшилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.