Наманганда ғўзанинг янги навлари синовдан ўтказилмоқда
Элита уруғчилик лабораторияси мудири М.Қипчоқов берган маълумотларга кўра, айни пайтда олти гектарга яқин майдонда ғўзанинг бешта янги нави парвариш қилинмоқда.
Бу борадаги илмий-амалий изланишлар Наманган вилоятининг Уйчи туманида, Пахта селекцияси уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти тасарруфидаги Наманган илмий тажриба станциясининг “Қизилравот” бўлими лаборатория майдонида олиб борилмоқда.
Элита уруғчилик лабораторияси мудири М.Қипчоқов берган маълумотларга кўра, айни пайтда олти гектарга яқин майдонда ғўзанинг бешта янги нави парвариш қилинмоқда.
– С-8295 нави эртапишарлиги, юқори ҳосилдорлиги туфайли ўтган йили 48 та фермер хўжалигининг 1 минг 880 гектар майдонига экилганида ҳосилдорликда 39-43 центнер кўрсаткичга эришилди, – дейди М.Қипчоқов. – Касаллик ва зараркунандаларга чидамли ҳисобланган мазкур нав жорий йилда 78 та фермер хўжалигининг 2 минг 880 гектар майдонида парваришланмоқда. Туман бўйича бу жами пахта майдонининг эллик фоиздан кўпроғини ташкил қилади.
Бундан ташқари, тумандаги 5 та фермер хўжалигининг 210 гектар ерида пахтанинг саноатбоп, тола миқдори мўл ва сифати жиҳатидан яхши натижа берган С-6575 нави баравж ривожланмоқда. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида 14 гектар майдонда С-8296 нави устида олиб борилаётган тажриба-синов тадқиқотлари ҳам муваффақиятлардан дарак бераяпти. Дастлабки маълумотларга қараганда, айни пайтда бу навнинг ҳар бир тупида 11,2 донадан бўлиқ кўсак ва 6-7 донадан ҳосил тугунчалари мавжуд. Мутахассислар фикрича, ҳозирги кунда ҳосилнинг чўғи гектарига 40-42 центнердан бўлиши кутилмоқда ва келгуси йилда 300 гектар майдонга экиш режалаштирилмоқда.