Наманганда халқаро «Асал фестивали» олдидан матбуот анжумани ўтказилди
Наманган вилоятида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган V халқаро «Асал фестивали»ни кенг тарғиб этиш, унинг халқаро нуфузини ошириш ва ахборот қамровини кенгайтиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Х. Охунбобоев, журналистлар, блогерлар ҳамда давлат ташкилотлари ахборот хизматлари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда фестивални республика ва халқаро миқёсда кенг ёритиш, унинг доирасидаги тадбирлар ҳақида жамоатчиликка тезкор ва холис ахборот етказиш, медиа ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-31994]
Таъкидланганидек, мазкур фестиваль асаларичилик соҳасидаги ютуқ ва илғор тажрибаларни намойиш этиш, миллий анъаналарни оммалаштириш, шунингдек, Наманган вилоятининг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда фестивални ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, жамоатчиликни тадбирлардан мунтазам хабардор этиш ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат) ЎзА