Наманганда туризм соҳасини ривожлантириш эътиборда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ташаббуси билан “Наманган вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, “Халқаро гуллар фестивали”га тайёргарлик ҳамда “Ахсикент” мажмуасида олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Наврўз маҳалласидаги “Гулчилик логистика маркази”да ўтказилган анжуманда вилоятдаги барча маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари раҳбарлари, марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Нуриддинов мавзу юзасидан иштирокчиларга батафсил маълумот берди. ОАВ вакилларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб қайтарди.
[gallery-16674]
Таъкидланишича, вилоятга ташриф буюрган маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар сони сўнгги беш йилда сезиларли даражада ўсиб, туризм хизматлари сони 2017 йилга нисбатан 600 баробарга ортган. Анжуман иштирокчилари ушбу йўналишда 2024 йилда амалга ошириладиган ишлар режаси билан таништирилди.
Матбуот анжуманида “63-Халқаро гуллар фестивали” жорий йилнинг 19 майидан 23 июнига қадар ўтказилиши режалаштирилгани ҳамда ушбу фестивални юқори савияда ташкил этиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, анжуман давомида Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” мажмуасининг кўҳна тарихини тиклашга берилаётган эътибор, унинг бугуни ва келажаги учун амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Журналист ва блогерлар тадбир якунида Наврўз маҳалласида гул етиштиришдаги илғор тажрибалар билан яқиндан танишди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА