Наманганда “Ўзбекистон-2030” стратегияси ижроси ўрганилмоқда
“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Наманган вилоятида Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган мақсад-вазифаларнинг ҳудудлардаги ижросига қаратилган мониторинг олиб борилмоқда.
Тадбирлар доирасида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек, стратегияни амалга ошириш юзасидан давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ижроси таҳлил қилинмоқда.
Мониторингнинг муҳим жиҳатларидан бири — ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг амалдаги натижаларини ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат билан солиштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантиришдан иборат.

Шу мақсадда вилоят ҳокимлигида давлат ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида мулоқот ўтказилди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этдилар.
Мулоқот давомида “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг мамлакат тараққиётидаги ўрни, унда белгиланган устувор мақсадлар ва уларни ҳудудлар кесимида таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтилди. Мазкур стратегия Янги Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврдаги тараққиётининг устувор йўналишлари, мақсадлари ва аниқ кўрсаткичларини белгилаб берувчи асосий узоқ муддатли дастурий ҳужжат ҳисобланади.
Стратегия даставвал, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11-сентябрдаги фармони билан тасдиқланган бўлиб, кейинчалик жаҳонда юз бераётган янги тенденциялар, иқтисодий ва технологик ўзгаришлар ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамалари давомида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда янгиланган.

Стратегиянинг асосий моҳияти барқарор ва инклюзив тараққиётни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, давлатга бўлган жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ҳамда ислоҳотларни “мақсад — ҳаракат — натижа” тамойили асосида изчил давом эттиришдан иборат.
Тадбирда Наманган вилояти ва унинг шаҳар, туманларидаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар, аҳоли учун долзарб бўлган масалалар, уларнинг ечими бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг натижадорлиги юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда давлат органлари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни тизимли ўрганиш ва уларнинг ечими устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этиш даркор, мониторинг тадбирлари доирасида вилоят ҳудудларида ўрганишлар олиб борилиб, стратегия ҳамда давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг жойлардаги амалий ижроси, аҳоли учун яратилган шароитлар ҳамда мавжуд муаммолар ўрганилади.

Мониторинг давомида аниқланган ҳолатлар ва мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда ҳудудларда белгиланган вазифалар ижросини янада самарали ташкил этиш борасида тегишли таклифлар шакллантирилади.
Мулоқотда мавзу доирасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, иштирокчилар томонидан билдирилган саволларга ташкилотчилар томонидан жавоблар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.