Наманганда ўқиш 23 январга қадар қолдирилди
Наманган вилоятида жойлашган барча таълим муассасаларида қишки таътил 2023 йил 23 январга қадар узайтирилди.
Маълумки, жорий йилнинг 11 январидан эътиборан Наманган вилоятидаги 5 та олий ўқув юрти, 63 та техникум, коллеж ва касб-ҳунар мактабларида, мавжуд халқ таълими муассасаларида ўқиш бошланган эди. Аммо юртимизда ҳукм сураётган аномал совуқ сабабли мактабларда ўқувчиларнинг давомати кескин пасайди. Қолаверса, ўқув хоналарни иситиш борасидаги камчиликлар кўриниб қолди.
Шу боисдан ҳам вилоятдаги 710 та умумтаълим мактабида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқиш тўхтатилиб, шу йил 18 январга қадар қисқа муддатли таътил беришга қарор қилинган эди.
Эндиликда эса, қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов раҳбарлигидаги штаб комиссияси қарори билан вилоят ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётганидан келиб чиққан ҳолда, Наманган вилоятидаги мактабгача, мактаб ва профессионал таълим муассасалари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ўқув юртларида қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди.
Барча таълим масканларида дарс машғулотлари 23 январь, душанба кунидан бошланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА