Наманганда меҳнат ярмаркаси
Наманган шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан ўтказилган меҳнат ярмаркасида юз нафардан зиёд фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
Наманган шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан ўтказилган меҳнат ярмаркасида юз нафардан зиёд фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.Шаҳар ҳокимлиги ва прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қирққа яқин корхона, ташкилот ва муассаса 330 бўш иш ўрни билан иштирок этди.
– Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида аҳоли бандлигини таъминлаш, аввало, касб-ҳунар коллежи ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича зарур шароитлар яратиш ижтимоий сиёсатимизнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди, – дейди Наманган шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директорининг ўринбосари Акмал Эгамбердиев. – Маърузада 2014 йилда мамлакатимизда 1 миллионга яқин иш ўрни ташкил этилгани, уларнинг 60 фоизи қишлоқ жойларида яратилгани қайд этилди. Бу борада, иш берувчилар ва ўқувчиларни кенг жалб этган ҳолда ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари муҳим аҳамият касб этаётир.
Ярмаркада иш сўраб мурожаат қилган фуқароларга кичик бизнес соҳасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ва яратилиши кўзда тутилаётган иш ўринлари ҳақида кўргазмали воситалар орқали батафсил маълумот берилди. 107 нафар фуқарога ўз мутахассислиги, қизиқиш ва қобилиятига кўра ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Бундан ташқари, 60 дан зиёд касб-ҳунар коллежи битирувчиси билан таълим муассасаси ва иш берувчи ўртасида уч томонлама шартнома тузилди.
Тадбир иштирокчиларига меҳнат қонунчилиги, имтиёз ва кафолатлар, битирувчиларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш масалалари юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди.