Наманганда “Маърифат улашиб” лойиҳаси
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан айни кунларда мамлакатимиз олий таълим муассасалари талабалари ва умумтаълим мактабларининг ўқувчиларини китоб мутолаасига жалб қилиш, уларнинг бадиий саводхонлигини ошириш мақсадида “Маърифат улашиб” лойиҳаси ўтказилмоқда.
Наманган давлат университетига бириктирилган таниқли ижодкорлар, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедра мудири, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, шоир ва журналист Наби Жалолиддин, “Тонг юлдузи” газетаси бўлим муҳаррири Ахтамқул Каримов олийгоҳнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, профессор Наримон Деҳқонов ҳамроҳлигида талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Адиблар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилган “Экобоғ” ҳудудида бўлиб, унинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятлари ҳақида маълумотга эга бўлишди ва кўчатлар экишди.
Университетда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, мутолаа маданиятини шакллантириш, фаол талабаларни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари меҳмонларда яхши таассурот уйғотди.

Олий ўқув юртида 2023 йилдан буён ҳар ҳафта “Бир ҳафтада бир китоб” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Шу кунга қадар лойиҳанинг 49 та сони ўтказилди ва унда 15 мингдан зиёд талаба иштирок этди. 343 талаба эса ғолиб-совриндорлар қаторидан жой олиб, университетнинг “Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси” томонидан жами 30,3 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Фаоллар залида бўлиб ўтган учрашувда Нурбой Жабборов, Наби Жалолиддин ва Ахтамқул Каримов мамлакатимизда Президентимиз томонидан адабиётга, маънавиятга берилаётган эътибор ҳақида сўз юритиб, адабиёт ва маърифат миллатни юксакларга кўтаришини алоҳида таъкидлади. Жадид боболаримиз мақсади, ҳаракати, шижоати, юрт учун қилган фидокорлиги ҳақида таъсирчан фикрлар баён этилди.Бинобарин, илм, зиё, маънавият униб-ўсган жойда миллий қадриятлар ҳеч қачон завол топмайди.

Очиқ, самимий ва мулоҳазаларга бой ўтган суҳбатлар жараёнида меҳмонлар ўз ижодидан намуналар ўқиб берди. Талабаларнинг шеърий машқлари ҳам тингланди. Иқтидорли, фаол ва ижодкор ёшларга бадиий китоблар туҳфа қилинди.
– Очиғи, шундай адабий гурунгларни кутгандик. Ўзимиз севган адиблар билан юзма-юз мулоқот кўтаринки руҳ, жўшқин баҳс ва қимматли мулоҳазаларга бой ўтди, – дейди Наманган давлат университети филология факультети талабаси Маржона Абдуллаева. – Эътиборлиси, учрашувда бизга тақдим этилган китобга адиблардан дастхат олиб, улар билан эсдалик учун суратларга тушдик.

Ижодкорлар, шунингдек, Наманган давлат университети профессор-ўқитувчилари билан биргаликда Наманган шаҳридаги 1- давлат ихтисослашган мактаб-интернати, Учқўрғон туманидаги 12- умумтаълим мактаби ва Уйчи туманидаги 12- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ҳам бўлишди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири