Наманганда халқ таълими бўлимларига “Спарк” автомашиналари берилди
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғининг тантаналар мажмуасида таълим тизими вакиллари билан учрашув ўтказди.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғининг тантаналар мажмуасида таълим тизими вакиллари билан учрашув ўтказди.
Президентимизнинг шу йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишининг мазмун-моҳияти, бу борада белгилаб берилган долзарб вазифаларга бағишланган учрашувга вилоятдаги мавжуд 685 та умумтаълим мактабининг директорлари, илғор, фаол ва ташаббускор ўқитувчилари, шунингдек, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Учрашувда вилоят ҳокими соҳа вакиллари билан таълим-тарбия, ёш авлод камолоти, бу борада педагог ва тарбиячилар, устоз-муаллимларнинг машаққатли меҳнати, бу меҳнат самарадорлигини оширишнинг омиллари, хусусан, таълим-тарбия равнақи, ўқитувчиларнинг қадр-қиммати ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўйича фикр алмашилди.
– Президентимизнинг таълим истиқболи борасида Наманган тажрибасини йўлга қўйиш керак, дея алоҳида билдирган фикрлари бизга билдирилган катта ишонч бўлиб, зиммамизга улкан масъулият юклайди, – деди вилоят ҳокими. – Шундан келиб чиқиб вилоятда таълим-тарбия соҳасига илғор ва инновацион усулларни кенг татбиқ этиш, бунинг учун ривожланган, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, айниқса, Япония таълим тизимидаги илғор ва ривожланган жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш, бир сўз билан айтганда, таълим-тарбияда бутун мамлакатга ўрнак бўладиган Наманган тажрибасини яратиш, ишлаб чиқиш ва ҳаётга муваффақиятли жорий этиш борасида қаттиқ изланишимиз керак. Биз яратадиган Наманган тажрибаси мутлақо янгича, креатив ёндашувлар билан ажралиб турадики, бу борада биз энди мактабларни капитал ва жорий таъмирлаш, уларда замонавий шарт-шароитларни яратишда фақатгина Давлат дастурлари, Инвестиция дастурларига кўз тикиб турмаймиз. Бу борада ички имкониятлар ҳам кенг ишга солиниб, маҳаллий ҳокимликлар ҳам ташаббус кўрсатади.
Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда ўқувчиларни юқори интеллектуал салоҳиятли шахс сифатида камол топтириш, улар орасидан нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки, халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорлари, чемпионлар, умуман, илм-фан, спорт ва санъат, таълимнинг барча йўналишларида юксак истеъдодларни тарбиялаш доимий ва жиддий эътибор қаратилиши зарурлиги ҳақида фикр алмашилди.
– Давлатимиз раҳбарининг: “Мактаб масаласи - келажак масаласи, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласи, мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди, мамлакат тақдири муаллимлар қўлида”, таъкидининг ўзидан халқ таълими соҳасига қаратилаётган жуда катта эътиборни англаб олиш мумкин, – дейди Наманган шаҳридаги 82-умумтаълим мактабининг директори М.Мирзамова. – Биз соҳа ходимлари ҳам ана шундай юксак эътироф ва эътиборга муносиб бўлишимиз керак.
Таъкидландики, бунга устоз-муаллимларнинг фидойилиги ва тинимсиз меҳнатисиз эришиб бўлмайди. Шундай экан, вилоятда халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчиси ва директорини автомашиналар билан тақдирлаш жорий этилади.
Изланиш, интилиш ва ташаббус асло четда қолмаслиги, муносиб рағбатгина муваффақиятларга омил бўлишидан келиб чиқиб, ўқитувчи меҳнатини қадрлаш, улар учун қулайлик ва кенг имкониятлар яратиб бериш, бу борада таълим жараёнларида сифат ва самарадорлик, хорижий давлатларда малака ва тажриба алмашув борасида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш, нодавлат таълим муассасалари ташкил этишга эътибор, олий таълимда сессия ва синов имтиҳонларига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш, адолат, холислик ва шаффофликни таъминлаш билан боғлиқ янги ташаббуслар илгари сурилди.
Учрашув якунида рағбат ва эътибор ифодаси сифатида барча шаҳар ва туман халқ таълими бўлимларига 12 та “Спарк” автомашинаси топширилди. Нафақат халқ таълими соҳасида, балки олий таълим тизимида фаолият олиб бораётган энг фаол, ташаббускор ва изланувчан, муносиб натижаларга эришаётган устоз-муаллимлар, профессор-ўқитувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.




