Наманганда “Ибрат” фильмининг илк тақдимоти ўтказилди
Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат мажмуасида шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда фильм ижодкорлари, ўқитувчи ва мураббийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ибратнинг авлодлари, кино ихлосмандлари иштирок этдилар.
Наманганда “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмаси асосида “Киномания” студияси томонидан улуғ маърифатпарвар аллома, атоқли тилшунос, тарихшунос олим, шоир ва публицист, муаллим, биринчи ўзбек матбаачиси Исҳоқхон тўра Жунайдуллохон ўғли Ибрат ҳаётига бағишлаб суратга олинган “Ибрат” бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди.
Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат мажмуасида шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда фильм ижодкорлари, ўқитувчи ва мураббийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ибратнинг авлодлари, кино ихлосмандлари иштирок этдилар.
Даставвал мажмуадаги Исҳоқхон тўра Ибрат ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Тадбирда қатнашган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоир Зиёвуддин Мансуровлар янги миллий кино асари билан барчани самимий табриклашди.
“Ибрат” фильми премьераси биринчи бўлиб Тўрақўрғон туманида бошланганлиги бежизга эмас. Чунки Исҳоқхон тўра Ибрат шу муқаддас заминда туғилиб, вояга етган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида берилган кўрсатмалари ва ташаббуси асосида аллома номи билан аталувчи хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб, музей ва хиёбондан иборат мажмуа барпо этилди.

– Фильм премьераси Ўқитувчи ва мураббийлар куни ўтказилаётганида ҳам рамзий маъно бор, – деди Шавкат Абдураззоқов. – Чунки Ибрат домла буюк маърифатпарвар ва улуғ устоз бўлганлар, ёш авлодга илм улашганлар. Фильмни ўқувчи ва талабалар иштирокида тақдимотларини ўтказамиз. Бугунги кун ёшлари аждодларимиз бизга қандай улкан мерос қолдиришганини англаб етишлари керак. Маънавиятсиз, тарбиясиз катта мақсадларимизга эришиб бўлмайди.
Шундан сўнг, туман маданият марказида “Ибрат” бадиий фильми премьераси бўлди. Унда “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, фильм режиссёри Жаҳонгир Қосимов, актёр Матёқуб Матчонов сўзга чиқиб, фильмни суратга олиниши жараёни, бугунги кундаги долзарб аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Икки ярим йил давом этган суратга олиш жараёнлари Қўқон шаҳрида, шунингдек, Миср давлатида бўлиб ўтди. Фильмга юртимиз актёрларидан ташқари, Россия, Туркия ва Мисрнинг санъат усталари ҳам жалб этилди. Бадиий кенгаш, экспертлар, киномутахассислари томонидан қизғин муҳокамадан ўтганидан кейин фильм томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди.
“Ибрат” бадиий фильмни режиссёр Жаҳонгир Қосимов суратга олган. Сценарий муаллифлари Нурилло Аббосхон ва Абдуқаюм Йўлдошев. Фильмда асосий ролларни Фарҳод Маҳмудов, Саидкомил Умаров, Эркин Комилов, Карим Мирҳодиев, Матёқуб Матчонов, Бобур Йўлдошев, Шаҳзода Матчонова, Акбархўжа Расулов каби актёрлар ижро этишган.

Фильмда миллий уйғоний даврининг етук намояндаси, шоир ва олим, ношир, улуғ маърифатпарвар Исҳоқхон тўра Ибратнинг чин маънода ибратли ҳаёти, миллат озодлиги ва маърифати йўлидаги саъй-ҳаракатлари, бу эзгу мақсадларга етиш сари машаққатлари, собиқ совет тузумидан кўрган азобу уқубатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Илм мисоли чексиз уммон, бебаҳо хазина, тенгсиз қудрат, таърифу тавсифларга сиғмас ҳикматлигини англаган Ибрат домла ҳамиша илм олишга, маърифатга интилади. Барчани шунга чорлайди.
Эътироф этиш жоиз, “Ибрат” бадиий фильмини илк бор намойишидан шундай хулосага келиш мумкинки, фильмни кўрган кишида энг аввало, илму маърифат топишга рағбат ва мақсад пайдо бўлади. Ўзлигини, қандай буюк аждодларнинг ворислари эканлигини англаб етади.