Наманганда ҳам энди BYD автомобиллари сотилади
Аввал хабар қилинганидек, яқинда ХХРга расмий сафари давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шэньчжэнь шаҳрида Хитойнинг етакчи “BYD” компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюрди ҳамда Жиззах вилоятида электромобиллар ишлаб чиқаришга старт берди.
Қувонарлиси, компаниянинг Ўзбекистонда BYD электро ва гибрид автомобиллари эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш ва сервис марказларини ташкил этиш борасида ҳам келишувга эришилди.
Келишув доирасида Наманган вилоятида ҳам “BYD” компаниясининг расмий дилери, BYD автосалони ва уларга кафолатли сервис хизматини кўрсатиш маркази очилди.
[gallery-15750]
Жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган тақдимот маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов қатнашди.
Наманган шаҳрида жойлашган ушбу автосалонга 25 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, 40 та иш ўрни яратилди. Эътиборлиси, «NAMANGAN BYD» автосалони ҳудудларимизда ҳам ўз филиалларини ташкил этишни режалаштирган.
Байрамона руҳда ўтган маросимдан сўнг янги автосалоннинг илк харидорига компания совғалари топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА