Наманганда эҳтиёжманд оилалар уйли бўлди
Наманган вилоятининг Янги Наманган туманидаги “Мустақилликнинг беш йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган иккита беш қаватли 120 хонадонга мўлжалланган уйлар фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг 2021 йил февраль ойида Наманганга ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросидан келиб чиққан ҳолда, Республикада биринчилардан бўлиб, ҳомийлик маблағлари асосида муниципал уйлар қурилди. Замонавий турар жойлар калитлари Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманларидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, бошпанага муҳтож, “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд аёлларга текин фойдаланиш ҳуқуқи билан тақдим қилинди.

– Уч йил аввал кўплаб раҳбарларнинг эътиборидан четда қолган, Наманган шаҳри марказидан 18 чақирим олисда жойлашган маҳалламиздаги бугунги ўзгаришлардан диллар яйрайди, – дейди меҳнат фахрийси Юсуфжон Шокиров. – “Ватан – остонадан бошланади”, дейишади. Остона қадрини янги уйга кўчиб ўтганлар чин дилдан ҳис қилмоқда.

Эр-хотин Эркинжон Раҳимжонов ва Заҳро Қамбарова гапириш ва эшитишда имконияти чекланган. Тўрт нафар фарзанди бор бу оила шу пайтгача Наманган шаҳридаги Маданий маориф маҳалласидаги кичик бир ҳовлида учта хўжалик билан бирга яшашига тўғри келган. Вилоят ҳокимлиги, Президент халқ қабулхонасининг сайёр қабулларидаги уй-жой билан боғлиқ йўллаган мурожаатлари ижобий ҳал бўлди. Уларнинг кўп йиллик орзуси ушалиб, шинамгина хонадонга кўчиб ўтди.
Унда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА