Наманганда бокс ривожланмоқда, аммо муаммолар ҳам бор
Айтиш жоизки, бокс мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларнинг энг севимли спорт турларидан бирига айланган. Боксчиларимиз жаҳон рингларида 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган нуфузли мусобақаларнинг деярли барчасида зафар қозониб, етакчиликни қўлдан бермай келяпти.
Наманганлик спорт ихлосмандлари “Рио-2016” ёзги Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндори, профессионал бокснинг енгил вазн тоифасида жаҳон чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси Муроджон Аҳмадалиевнинг халқаро ареналарда эришаётган муваффақиятларидан ғурур ва ифтихорга тўлади.

Халқаро бокс майдонида спортчиларимиз эгаллаган бундай юқори рейтинг эса ёшларнинг боксга бўлган оммавий қизиқишини янада ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш тизимини янада такомиллаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва моддий рағбатлантириш, шунингдек, ўзбек боксининг дунёда етакчилигини сақлаб қолиш учун катта йўл очди.

Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 29 апрелдаги “Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда боксни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг қарори ижросини таъминлаш, қолаверса, бокснинг оммавийлигини ошириш борасида Наманган вилоятида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоят ҳудудларида бокс бўйича машғулот олиб бориш учун 70 та спорт иншоотида 37 та ринг мавжуд, уларда 109 нафар малакали мураббий фаолият юритиб келмоқда. Тренерларнинг 39 нафари олий маълумотга эга бўлиб, айни вақтда тўққиз нафари олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда.

Вилоятдаги спорт иншоотларининг 37 таси тадбиркорлик субъектларига қарашли. 16 та умумтаълим мактаби, 10 касб-ҳунар техникуми ва бошқа етти спорт иншоотида чарм қўлқоп усталари тайёрланиб келинаётгани эътиборга молик.
Ўтган 2023 йилга назар ташлайдиган бўлсак, ўнлаб иқтидорли чарм қўлқоп усталари Ўзбекистон терма жамоаси таркибида нуфузли мусобақаларда қатнашиб, салмоқли натижаларга эришдилар.

Жумладан, Таиланд пойтахти Бангкок шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионатида Аълохон Абдуллаев (75 килограмм вазн) ва Жасурбек Йўлдошев (80 кг.) барча рақибларини енгиб, қитъа чемпионлигини қўлга киритди. Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Фазлиддин Эркинбоев (80 кг.) олтин медаль ва чемпионликка муносиб кўрилди. Раҳматилло Бойматов, Рухшона Парпиева, Шаҳбоз Эргашев, Муштарийбону Иброҳимжонова ва Диёра Абдуманнопова кумуш медалига лойиқ топилди. Муҳаммадғиёс Собитхонов кучли учликка кириб, терма жамоамиз ғазнасига бронза медални ёздириб қўйди.Иқтидорли боксчилардан саналган, спортчилар сулоласи вакили Аълохон Абдуллаев пойтахтимизда ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатида 75 килограмм вазнда ярим финалга қадар мағлубиятсиз етиб келиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Наманганда боксни янада ривожлантириш борасида ўз ечимини кутаётган талай масалалар, ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам йўқ эмас. Бугунги кунда вилоят бокс федерациясининг алоҳида офиси мавжуд эмас. Федерация мебель ва техника жиҳозлари билан таъминланмаган. Ваҳоланки, шаҳар ва туманларда спорт мактабларида фойдаланилмай келинаётган бўш хоналар бисёр.
Қолаверса, вилоятнинг тоғли ҳудудлари саналган Поп, Чуст, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида бокс федерациясининг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун базалар ташкил этиш; ҳомий ташкилотларидан тушган маблағлар ҳисобидан маҳаллий спортчиларнинг республика ва халқаро миқёсидаги мусобақаларга, ўқув-йиғин машғулотларига мунтазам иштирокини таъминлаш ҳал этилиши зарур бўлган муҳим масалалар сирасига киради.
Ўйлаймизки, Наманганда бокс ривожи ва унинг оммавийлигига бефарқ бўлмаган тегишли мутасадди ташкилотлар – вилоят ҳокимлиги, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси, вилоят спорт бошқармаси масъул вакиллари ушбу масалалар ечимига жиддий аҳамият қаратади.
Зеро, халқаро бокс майдонида спортчиларнинг ўрни ва нуфузини қўлдан бой бермаслик учун ёшларнинг боксга бўлган оммавий қизиқишини янада ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш тизимини янада такомиллаштириш, бокс бўйича мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг моддий рағбатлантирилишини яхшилаш, шунингдек, ўзбек боксининг дунёдаги етакчилигини сақлаб қолиш учун қабул қилинган қарорнинг ижросини тўлақонли таъминлаш учун бу каби муаммоларга жиддий эътибор қаратиш тақозо қилинади..
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири