Наманган туманида жорий йилда 16 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспорт қилинади
Тумандаги 16 корхонада экспорт амалиёти йўлга қўйилган. Улар томонидан ташқи бозорга тиббиёт пахтаси, асал, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.
Тумандаги 16 корхонада экспорт амалиёти йўлга қўйилган. Улар томонидан ташқи бозорга тиббиёт пахтаси, асал, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Наманган вилоятида 15 минг 700 дан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти самарали фаолият юритмоқда. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг 68,2 фоизи, саноат маҳсулотларининг 32,5 фоизи ушбу корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Улар томонидан 80 га яқин турдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Наманган туманида ҳам саноат изчил ривожланмоқда. Айни пайтда туманда 280 дан ортиқ саноат корхонаси фаолият кўрсатиб, жорий йилнинг ўтган даврида улар томонидан 189 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Туманда юқори сифатли маҳсулотлари билан дунё бозорида муносиб ўрин эгаллаётган экспортчи корхоналар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. “Идеал” савдо белгиси остида замонавий костюмлар ишлаб чиқарилаётган “Истиқлол”, “Aisha Home Textile”, “Асрор текстиль саноат”, “Element paint”, “Хумо дизайн сервис”, “Нафис техгроиф” , “Маъсуд текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари, “Unliver Chimikcal”, “Golden Silk” каби қўшма корхоналар шулар жумласидандир. Кийим-кечак, момиқ сочиқ сингари юздан ортиқ турдаги маҳсулот тайёрланаётган бу корхоналар туман ижтимоий-иқтисодий ривожига, саноат, экспорт салоҳияти юксалишига катта ҳисса қўшмоқда.
“Тошбулоқ-Текс” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонасида кунига 16-18 тонна пахта толаси қайта ишланиб, юқори сифатли ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг 80 фоиздан зиёди экспортга йўналтирилмоқда.
“Ностандарт” ишлаб чиқариш корхонаси ўзининг рақобатбардош маҳсулотлари билан истеъмол бозорига дадил кириб бораётган тадбиркорлик субъектларидан.
– Маҳаллийлаштириш дастури асосида оқова сувларни механик, биокимёвий тозалаш иншоотларини таъмирлаш учун зарур бўладиган 40 дан ортиқ турдаги ностандарт жиҳозлар, махсус насослар тайёрлаш йўлга қўйилган, – дейди “Ностандарт” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Мажид Насриддинов. – Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида тўрт ишчи билан фаолият бошлаган кичик корхонамиз бугунги кунда ўнлаб малакали мутахассис меҳнат қилаётган йирик ишлаб чиқариш қувватига айланди.
“Мерримедфарм” қўшма корхонасида 20 дан ортиқ турдаги импорт ўрнини босувчи дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ушбу маҳсулотни четдан келтириш муаммосини бартараф этиш ва валюта тежашда ҳам катта аҳамият касб этмоқда. “Асадбек ғишт саноати” корхонасида ишлаб чиқарилаётган 20 турдаги миллий ўйинчоқлар ички бозорнинг бундай товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 24 ноябрдаги “2016-2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида Наманган туманида умумий қиймати 29,3 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган. Бу 21 истиқболли лойиҳани амалга ошириш имконини беради.
Мухтасар айтганда, тумандаги 16 корхонада экспорт амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилда улар томонидан 16 миллион долларлик саноат маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган. Шу йилнинг ўтган даврида экспортчи корхоналар сафи “Мадина Муаззам”, “Асрор текстиль”, “Агро экспорт”, “Софбол савдо”, “Альфа” каби янги корхоналар ҳисобига янада кенгайди. Улар томонидан ташқи бозорга тиббиёт пахтаси, галстук, асал, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.