Наманган тараққиёти — Янги Ўзбекистоннинг ёрқин тимсоли
Давлатимиз раҳбари 23 июнь куни Наманган вилоятида бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда турли соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди. Шу билан бирга, вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган истиқболдаги бир қатор вазифаларни белгилаб берди.
Бу ҳақда Наманган вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат, Экологик партия фракцияси аъзоси Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида белгиланган устувор вазифалар ва илгари сурилган ташаббуслар нафақат вилоят, балки бутун мамлакат тараққиётининг муҳим йўналишларини ўзида мужассам этди. Айниқса, мазкур ташрифда иқтисодий ўсиш, рақамлаштириш, сунъий интеллект, таълим, инвестиция, бандлик ва аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари ўзаро уйғун ҳолда кўриб чиқилгани эътиборга молик.
Сўнгги йилларда Наманган вилоятида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида саноат ҳажми 4,6 триллион сўмдан 40 триллион сўмгача ўсди. Жорий йилда эса ялпи ҳудудий маҳсулотни 9,2 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 9 фоизга, хизматлар соҳасини 17 фоизга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини 6,8 фоизга ошириш вазифаси белгиланмоқда. Бу кўрсаткичлар Наманганнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини яққол намоён этади.
Ташриф давомида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Наманган давлат техника университетида ташкил этилган замонавий сунъий интеллект лабораторияси таркибида таҳлил, робототехника ва бионика марказлари, стартап-акселератор, 9 та "ақлли" хона ҳамда 2 та махсус тайёргарлик хоналари фаолият юритмоқда. Бу ерда сунъий интеллект, робототехника, "ақлли" транспорт, экология ва агротехнологиялар соҳаларида инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Президентимиз томонидан мазкур тажрибани кенгайтириш ва ёшларни илмий-инновацион жараёнларга янада фаол жалб этиш бўйича берилган топшириқлар келажак иқтисодиёти учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Наманганда ташкил этилган "ақлли" вазиятлар маркази ҳам замонавий бошқарув тизимининг муҳим намунаси ҳисобланади. Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида барпо этилаётган "Маҳалла ахборот ва хизмат маркази" орқали 8 та маҳалладаги 27 мингдан ортиқ аҳолига 980 турдаги давлат ва ижтимоий хизматларни "ягона дарча" тамойили асосида кўрсатиш режалаштирилгани рақамли давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштиради.
Иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш мақсадида жорий йилда Наманган вилоятига 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 1,2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида вилоят бўйича умумий қиймати 3 миллиард доллар бўлган 43 та келишувга эришилгани ушбу мақсадларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятга давлат бюджетидан 4,5 триллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун қўшимча 6,5 триллион сўмлик молиявий ресурслар йўналтирилмоқда. Бу маблағлар янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринлари ташкил этилишига хизмат қилади.
Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича йил якунига қадар 80 минг нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш, 314 минг нафар аҳолининг даромадини ошириш ва 21 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси белгиланган. Беш ойнинг ўзидаёқ 23,5 минг киши доимий иш билан таъминланиб, 8 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилгани амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини кўрсатади.
Инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли вазифалар белгиланди. Жорий йилда 130 километр ичимлик суви тармоғи ва янги объектлар қурилиши учун 703 миллиард сўм ажратилиши натижасида 34 минг аҳоли биринчи бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади. Шунингдек, 25 минг аҳоли канализация тизимига уланади. Жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида 1 сентябрга қадар 90 та автобус, 50 та электробус ва 30 та микроавтобус, келгуси йилда эса яна 105 та электробус олиб келиниши режалаштирилган.
Наманган вилоятидан сайланган депутат сифатида давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган ана шундай улкан мақсад ва вазифалар менга ҳам катта фахр ва юксак масъулият юклайди. Чунки бу рақамлар ортида минглаб инсонларнинг тақдири, юз минглаб оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг келажаги ва мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти мужассам.
Биз — депутатлар зиммасига мазкур ислоҳотларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг ижросини парламент назорати орқали таъминлаш ва аҳолининг таклиф ҳамда муаммоларини давлат сиёсати марказига олиб чиқишдек муҳим вазифалар юкланган.
Наманганда амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган янги ёндашувлар, инвестиция ва экспортни кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг амалдаги ёрқин ифодаси бўлиб, ҳудудни мамлакатимизнинг энг жадал ривожланаётган нуқталаридан бирига айлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА