Наманган сочиқларига дунё харидор
Собиқ тузум даврида Ўзбекистонда саноатни ривожлантиришга умуман эътибор қаратилмаган. Сабаби маълум, “марказ” юртимизни асосан аграр республика, хомашё базаси сифатида тутиб туришдан манфаатдор бўлган.
Собиқ тузум даврида Ўзбекистонда саноатни ривожлантиришга умуман эътибор қаратилмаган. Сабаби маълум, “марказ” юртимизни асосан аграр республика, хомашё базаси сифатида тутиб туришдан манфаатдор бўлган.Таъбир жоиз бўлса, ҳовлиларимизнинг остонасигача чигит экилиб, миллион-миллион тонна пахта етиштирилган ўша даврларда Наманган вилоятида бир-иккита ип йигирув фабрикаси, битта тўқувчилик комбинатидан бошқа саноат корхонаси бўлмаган. Унда тўқилган ва сифати ҳаминқадар газламалар омбордан омборга ташилавериб, титилиб кетарди. Деҳқонларимиз етиштирган пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ёки экспорт қилиш у ёқда турсин, маҳаллий аҳоли эҳтиёжини қондиришнинг ҳам уддасидан чиқа олмасди бу корхона.
Бугун-чи? Мустақилликнинг ўтган тарихан қисқа даврида Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” замиридаги иқтисодий ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз иқтисодиётида саноат етакчи тармоққа айланмоқда.
Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг эмин-эркин ривожланиши учун яратилаётган ҳуқуқий ва ташкилий асослар, берилаётган кенг имтиёз ва имкониятлар муҳим омил бўлаётир.
Наманган шаҳрида 2009 йилда фаолият бошлаган “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти бугун вилоятдаги етакчи экспортчи корхоналардан бирига айлангани фикримиз далилидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг Наманган вилояти босқичида “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғиёсиддин Бобохонов “Энг яхши тадбиркор” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.
– Корхонани ташкил қилишда давлатимиз раҳбари томонидан саноат ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор муҳим аҳамият касб этди, – дейди Ғ.Бобохонов. – “Агробанк”нинг Наманган филиали томонидан ажратилган 850 миллион сўм кредит маблағи бизнес лойиҳамизни амалга оширишда таянч сармоя вазифасини ўтади.
Бугунги тараққиёт суръати тадбиркордан узоқни кўра билиш, тобора кучайиб бораётган рақобатга бардош бериш учун янги бизнес лойиҳалар устида изланишни тақозо этади. Акс ҳолда, яхши ниятлар билан бошланган иш ярим йўлда касодга учраб, сарфланган сармоя ҳавога совурилиши ҳеч гап эмас.
Шуни ҳисобга олган тадбиркор ишнинг бошидаёқ аниқ мўлжал билан ҳаракат қилди. Жаҳон бозоридаги талаб ва таклифни, бевосита шу йўналишдаги ривожланган корхоналар тажрибасини атрофлича ўрганиб, ўзининг стратегиясини белгилаб олди. Корхона хориждан келтирилган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланиб, маҳаллий хомашё – юз фоиз пахта ипидан момиқ сочиқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Корхонанинг сифат ва дизайнда хорижникидан асло қолишмайдиган маҳсулотлари тез орада бозордан муносиб ўрин эгаллаб, чет эллик харидорларнинг ҳам эътиборини тортди.
Ташқи бозорга чиқариладиган маҳсулот “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида чет элларда юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилиши керак. Корхона ана шу эзгу мақсад йўлида 2014 йилда яна 2 миллион 800 минг АҚШ доллари миқдорида банк кредитини расмийлаштириб, ишлаб чиқаришни ривожлантирди. Жорий йил бошида ишлаб чиқариш тўлиқ модернизация қилинди.
Бунинг самарасида кўзга ташланган дастлабки ютуқ кўплаб янги иш ўринлари яратилгани бўлди. 2014 йилда жамоа аъзолари 62 нафарни ташкил қилган бўлса, техник ва технологик янгилаш, қўшимча линияларнинг ишга туширилиши ҳисобига 130 қўшимча иш ўрни яратилди. Айни пайтда корхонада 200 га яқин киши доимий иш билан банд.
Ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрилган чоралар самараси маҳсулот тури, сифати ва ҳажмининг ортишида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди. Ҳозир бу ерда “ART SOFT TEX” ёрлиғи билан турли бичим ва рангдаги момиқ сочиқлар, эркаклар ва аёллар халати, чақалоқлар ўрамаси, ваннахона гиламчаси ва қўлқоп каби 400 дан ортиқ турдаги экспортбоп маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Бугун бу ерда ишлаб чиқарилаётган сочиқбоп момиқ ҳамда юқори сифатли бархит матоларга талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
ISO 9001-2008 сифат тизими сертификатига эга бўлган корхона маҳсулотларининг тўқсон фоизи Америка Қўшма Штатлари, Россия ва бир қатор Европа мамлакатларига экспорт қилинаётгани кишига ғурур-ифтихор бағишлайди. 2014 йилда 9 миллиард сўмликдан зиёд юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, унинг 1 миллион 300 минг доллар қийматига тенг қисми экспорт қилинди.
Корхона жамоасининг жорий йилги режалари, уни амалга ошириш йўлидаги интилишлари янада улкан. Йилнинг дастлабки тўрт ойида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80 фоизга ортиб, 6 миллиард сўмни ташкил этди. Хорижга 920 минг доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.
Корхона барча кўрсаткичлар бўйича ўтган йилга нисбатан уч баробар ўсишга эришишни режалаштирган. Бунинг учун имкониятлар етарли. Экспорт географиясини янада кенгайтириш мақсадида Франция, Германия ишбилармонлари билан шартномалар тузиш борасида музокаралар олиб борилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётни либераллаштириш, тармоқлар рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, юқори технологияли муҳим қувватларни ишга тушириш каби истиқболли масалаларга қаратилаётган алоҳида эътибор самараси “Наманган момиқ сочиқлари” каби кўплаб корхоналар эришаётган муваффақиятларда ўз ифодасини топмоқда.