Наманган шаҳрида нарх-наволар барқарорми?
Бироқ асосий кундалик озуқа маҳсулотларидан саналган шакар ва ўсимлик ёғи нархларини ошиб кетишига йўл қўйилган.
Наманган шаҳар ҳокимлиги фаоллар залида бўлиб ўтган халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг ўн тўртинчи сессиясида 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масаласи атрофлича кўриб чиқилди.
Сессия аввалида сектор раҳбарлари - Наманган шаҳар ҳокими Олим Исаев, шаҳар прокурори, Баҳром Юлдашев, шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, Ғайрат Ғаниев, шаҳар Давлат солиқ инспекцияси раҳбари, Аюбхон Ғайбуллаевларнинг ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари тингланди.
Қайд этиш жоиз, 632 мингдан зиёд Наманган шаҳри аҳолисини коронавирус пандемияси даврида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, ички истеъмол бозорига маҳсулот етказиб берилишини тизимли мониторинг қилиш, назоратни йўлга қўйиш ва нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Бугунги кунда шаҳар аҳолисига истеъмоли учун меъёр бўйича келгуси олти ойда 8,9 минг тонна гўшт, 4,68 минг тонна товуқ гўшти, 2,2 минг тонна балиқ, 16,6 минг тонна картошка, 3,1 минг тонна гуруч, 28,7 минг тонна ун, 3,5 минг тонна шакар, 2,9 минг тонна ўсимлик ёғи, 63,3 млн. дона тухум, 2,1 минг тонна пиёз, 6,2 минг тонна сабзи талаб этилади.
2020 йилда 34,419 минг тонна (103,2%) гўшт, 301,0 минг тонна (100,0%) картошка, 445,8 минг тонна (100,2%) товуқ гўшти, 0,8 минг тонна (100,2%) балиқ, 0,06 минг тонна (100,2%) гуруч, 51,733 минг дона (105,8%) тухум етиштирилиши ҳисоб-китоб қилинган.
Шаҳар ҳокимлигининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш мақсадида “Наманган Чорсу деҳқон универсал бозори” акционерлик жамиятига 300 тонна картошка, 50 тонна пиёз, 120 тонна гуруч, 100 тонна шакар, 60 тонна кунгабоқар ёғи ва 60 тонна пахта ёғи, "Сардоба бозори" масъулияти чекланган жамиятига 150 тонна картошка, 30 тонна пиёз, 60 тонна гуруч, 100 тонна шакар, 30 тонна кунгабоқар ёғи ва 30 тонна пахта ёғи, "Яшил деҳқон бозори" масъулияти чекланган жамиятига 50 тонна картошка, 20 тонна пиёз, 20 тонна гуруч, 10 тонна кунгабоқар ёғи ва 10 тонна пахта ёғи маҳсулотларини шу йил 20 ноябрга қадар омборхоналарга жамғариш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Сўнгги бир ҳафта ичида сектор раҳбарлари томонидан кўрилган чоралар натижасида бир килограмм товуқ гўштини 18-20 минг сўм, картошка 3000-3200 сўм, мол гўштини 48-55 минг сўм, бир дона тухум 1000 минг сўмдан сотилишига эришилмоқда.
Бироқ асосий кундалик озуқа маҳсулотларидан саналган шакар ва ўсимлик ёғи нархларини ошиб кетишига йўл қўйилган.
Сессия ишида аҳолини кундалик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, бозорларда нархларни ошиши, айниқса сунъий равишда ўсиб кетишига барҳам бериш юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди.