My.gov.uz: кўрсатиладиган хизматлар сони кенгайтирилади
"Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорига кўра 2026 йил 1 октябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қуйидаги хизматлар жорий этилади:
– жисмоний ва юридик шахсларга ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ва автомототранспортларни гаровга ёки ипотекага қўйишга, шунингдек, уларни бегоналаштиришга тақиқ қўйиш ёки уни бекор қилиш;
– фуқароларнинг ўз номига расмийлаштирилган ва фойдаланилаётган телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисида маълумот олиш ва ушбу жараённи бошқаришнинг қуйидаги имкониятларини яратиш:
– телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш (фаоллаштириш) ва ўзи фойдаланмаётган телефон рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш ҳақида аризалар киритиш;
– телефон рақами уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш;
– банк карталарини блоклаш (ёпиш) ҳақида эмитентга аризалар юбориш;
– фуқаронинг номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда автоматик тарзда уни Ягона портал орқали хабардор қилиш ва улар ҳисобини юритиш.
ЎзА