Музейга ташриф қизиқарли бўлди
Навоий вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги техник мутахассисларни тайёрлаш маркази курсантлари “НКМК тарихи” музейи фаолияти билан танишдилар.
Музейдаги мавжуд 1,5 мингдан ортиқ тарихий, кон-металлургия саноати, НКМК ютуқлари ва бошқа қизиқарли экспонатлар ёшларда катта таассурот қолдирди.
- Ўзим навоийлик бўлсам-да, бу музейга биринчи келишим. Бу нафақат мен учун, балки сафдошларимиз учун ҳам қизиқарли бўлди. Айтганлардек, кон-металлургия саноати сир-синоатларга, бой тарихга эга экан. Замонавий заводлар, конлар, техникалар макетлари ҳамда бошқа кўргазмалардан ўзимизга тегишли кўникмаларни олдик, - дейди курсант Ҳамид Тоштўхтаев.



Музейга ташриф “Уч авлод учрашуви” билан давом этди. Вилоят фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари Илёс Мустафоев, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Аббос Каримов, вилоят мудофаа бошқармаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши мутахассиси Фурқат Жўраев ва бошқа иштирокчилар ўзларининг ҳаёт йўлларини ёшларга сўзлаб, қимматли маслаҳатлар беришди.


Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Абдумажид Жўраевнинг Ватан, мустақиллик, тинчлик ҳақидаги шеърлари барчага завқ бағишлади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири