Музаффар боксчиларимиз тантанали кутиб олинди
Арманистонда поёнига етган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати мамлакатимиз ўсмир боксчилари учун ўзига хос маҳорат майдони вазифасини ўтади.
Дунёнинг 51 та мамлакат терма жамоалари иштирок этган муросасиз баҳслар натижасида ёш чарм қўлқоп усталаримиз ўзбек боксининг дунёда ўз ўрни борлигини яна бир карра исботлади.

Жаҳон чемпионатида 4 та олтин, 3 кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бугун тунда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Акрам Незамиддинов, Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шахид Тиллабоев, спортчиларимизнинг ота-оналари, мураббийлар иштирок этган маросимда истеъдодли боксчиларимизнинг эришган муваффақияти мамлакатимизда ёшлар спортига берилаётган эътиборнинг самараси экани таъкидланди.

—Ёш боксчиларимизнинг эришган ютуқлари эътиборли бўлди. Бундан албатта хурсандмиз. Арманистон рингларида ўтган мусобақалар ёшларнинг техник-тактик маҳоратини ошириш, уларнинг руҳий қувватини янада мустаҳкамлаш борасида қилиниши керак бўлган ишлар кўламига ойдинлик киритди, — дейди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Бекзод Хидиров.

Ереван шаҳри рингларида кечган жангларда Ўзбекистон боксчи ёшлари умумжамоада Россия ва Арманистон терма жамоаларидан кейин 51 та давлат орасида 3-ўринни эгаллади. Бу эса юртимизда Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков каби чемпионларнинг муносиб издошлари камолга етаётганини кўрсатмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА