Муваффақиятга элтувчи йўл
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
“Сен ҳар куни ҳаётинг тарози палласига қўйилгандек қаттиқ меҳнат қилишинг лозим. Ўзингга буюрилган ишни ортиғи билан бажар, шунда ортиғи билан оласан. Билиб қўй, муваффақиятга эришиш усули – тинимсиз меҳнат қилмоқдир.”
Бухоролик педагог Муҳаррам Камолова бу жумлаларни кунлик шиорига айлантирган.
Педагог Бухоро давлат университетининг филология факультетини тугатгач, Жондор туманидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида иш бошлайди. Тиришқоқлиги, изланувчанлиги, ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги билан тез орада жамоа орасида ҳурмат қозонади. Ўқувчиларга сабоқ бериш билан бир қаторда, жамоат ишларида ҳам фаоллиги, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, ўқувчиларнинг қизиқишлари доирасида тўгараклар ва клублар фаолиятини олиб боришда кўплаб ҳамкасбларига ибрат бўлади.
Муаллиманинг педагогик фаолиятида 2014 йил алоҳида аҳамият касб этди. Иш бошлаганига эндигина саккиз йил тўлган ёш муаллима шу йили «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг республика босқичида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритади. «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси» танловининг республика босқичида эса 1-даражали диплом соҳиби бўлади.

Ушбу ютуқлари туфайли “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланади. Унинг илмий изланишлари ҳосиласи бўлмиш «Она тили ва адабиёт дарсларида дарс таълими самарадорлигини оширишда интерфаол методларни қўллаш усуллари» номли методик қўлланмаси ҳам нашр эттирилади. Вилоят миқёсида, «Абдулла Қаҳҳорнинг «Бемор» ҳикояси» мавзусидаги дарси республика миқёсида оммалаштирилади.
– Меҳнатимнинг муваффақиятли натижалари мени янада руҳлантирди, – дейди М.Камолова. – Бор шижоатим, салоҳиятим, ижодий қобилиятимни ишга солган ҳолда ўз устимда кўпроқ изландим. Она тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг самарали усуллари устида тинимсиз ишладим. Айниқса, она тили таълимидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларим эътироф этилди.
Тиниб-тинчимас муаллима ҳамиша изланишда. Республика ва Халқаро конференцияларда ҳам долзарб мавзулардаги маърузалари билан фаол иштирок этмоқда. Ҳар ишда фаол бўлган шижоатли ва фидойи педагог "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланган.
Муҳаррам Камолова 2021 йилда “Йил аёли” танловининг вилоят босқичида “Йилнинг энг жонкуяр устози” номинацияси ғолиби бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг "8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги фармони асосида мукофотланган бир гуруҳ фидойи ва жонкуяр аёллар қаторида Бухоро вилояти Жондор туманидаги 2-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Муҳаррам Камолова ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА