Мустақилликнинг 35 йиллиги: тоғ-кон ва геология соҳаси фидойилари эътироф этилди
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Айниқса, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган турли соҳа вакилларининг меҳнатини муносиб эътироф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди. Унда байрам арафасида юксак давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланган соҳа ходимлари, вазирлик ва унинг тизимости корхоналари раҳбарлари, шунингдек, соҳадаги меҳнати эътироф этилган фахрийлар иштирок этди.

Тантанали тадбирни Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида мустақиллик улуғ неъмат экани, унинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлаб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойилар меҳнатини эътироф этди.
Тадбирда таъкидланганидек, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтириш тоғ-кон саноати ва геология соҳаси олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, соҳада самарали меҳнат қилаётган ходимларнинг давлат мукофотлари билан тақдирланиши уларнинг фидокорона меҳнатига берилган юксак баҳо бўлди. Тадбирда юксак мукофотлар нафақат шахсий ташаббус ва меҳнатга, балки ходимлар фаолият юритаётган меҳнат жамоаларига берилган эътироф экани қайд этилди. Бу, ўз навбатида, тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари билан уйғун экани таъкидланди.
Тадбир якунида вазирлик марказий аппарати ходимларининг бир гуруҳи ҳамда тизимости корхоналар раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА