Мустақилликка 35 йил: инсон ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилгани келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлади
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!”
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига саноқли кунлар қолди. Шу боис юртимиз бўйлаб истиқлол айёми шукуҳи кезиб юрибди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Зарина Исроилова мустақилликнинг аҳамияти, халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида фикр билдирди:
– Президентимиз қайд этганидек, миллий суверенитет ва давлат мустақиллиги ҳар қайси мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётининг энг асосий шарти ва гаровидир.
Бу ҳал қилувчи омиллар давлатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, халқнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, унинг барча манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Миллий мустақиллигимиз мард ва матонатли халқимизнинг қатъий иродаси, истиқлол йўлида курашган фидойи аждодларимиз орзу-умидларининг рўёби бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу ишларимизнинг мустаҳкам асоси, келажак авлодларимиз учун безавол етказишимиз шарт бўлган буюк ва муқаддас қадриятдир.
Мамлакатимизнинг миллий суверенитети ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон - 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда.
Ҳақиқатан шундай. Бош қомусимизда ана шундай мақсадларга хизмат қилувчи кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси қатъий қарор топгани учун ҳам халқимиз тинчлик ва хотиржамлик билан олға қадам ташламоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.
Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.
Ушбу принциплар юртимизда инсон ва унинг қадри юксак эканидан далолат беради.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади экани, давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши юқоридаги тамойиллар амалда қарор топишига давлат кафил эканини яққол намоён этади.
Ҳуқуқий ҳимоя институтининг асосини ташкил этувчи суд тизими эса конституциявий кафолатларни амалда таъминламоқда. Зотан, Бош қомусимизга кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 август куни имзолаган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармонига тўхталиб ўтиш жоиз.
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда суд процессига замонавий ҳуқуқий механизм ва институтларни жорий қилиш орқали халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган одил судловга оид стратегик мақсадларни изчил амалга оширишга қаратилган мазкур ҳужжат ушбу соҳадаги яна бир улкан ва муҳим қадам бўлди.
Фармонга кўра, суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқчил суд, адолат қўрғони, кафолатланган адолат, адолат посбонлари, рақамли одил судлов, халқаро эътироф каби устунлар асосида амалга оширилиши белгиланди.
Халқчил суд – судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминланади. Жамиятда судга бўлган мутлақ ишонч қарор топади, судлар бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантирилади.
Адолат қўрғони – инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизими мустаҳкамланади.
Кафолатланган адолат – қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтирилади.
Адолат посбонлари – халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпуси шакллантирилади.
Рақамли одил судлов – суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратилади.
Халқаро эътироф – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартлар миллий суд амалиётига имплементация қилинади ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи юксалтирилади.
Буларнинг барчаси инсон учун, халқимиз учун. Истиқлолнинг 35 йиллиги мана шундай эзгу мақсадлар билан кутиб олинаётгани юртдошларимизга нафақат байрам кайфияти, балки улар қалбидаги келажакка бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА