Мустақиллик - ҳуқуқ, имконият ва бурч
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев билан учрашув бўлиб ўтди.
“Мустақиллик — ҳуқуқ, имконият ва бурч” мавзусидаги мазкур учрашув давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланди. Унда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан жамият ҳаётининг турли жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, хусусан, ижтимоий адолатни ўрнатиш орқали халқ розилигига эришиш масаласига катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Мураккаб пандемия шароитда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мустақиллик бераётган эркинлик ва имкониятлар, бурч ва ҳуқуқ, матбуот эркинлиги ва юз бераётган воқеаларга ёндашув, она тилимиз муаммолари ҳамда иқтисодий тафаккур, солиқ маданиятини шакллантириш ва сўздан унумли фойдаланиш масалалари мулоқот давомида эътибор марказида бўлди.
Айни пайтда фуқароларнинг ахборот олиш, сўз эркинлиги борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, миллий медиа соҳа ривожига амалий ғамхўрлик кўрсатиш борасида илғор ташаббуслар олға сурилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан табриги соҳада меҳнат қилаётган барча ижодкорлар, медиа тузилмалар, вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари учун муҳим дастуриламалдир.
- Румий ҳазратлари талабаларидан сўз нима учун керак, дея сўраганларида улар фикрни билдириш учун дея жавоб беришган, – деди Аҳмаджон Мелибоев. – Румий уларни маъқуллаб, лекин асосий жавобни бермадинглар, сўз англамаганлар учун, англаганларга сўзнинг ҳожати йўқ, деган эканлар.
Учрашувда бугунги кескин глобаллашув жараёнининг ўзига хос жиҳатлари қайд этилиб, “урф-одатлар”, “миллий қадриятлар”, “авлодлар ўртасидаги мулоқот ва уйғунлик” ҳамда ҳозирда оммалашаётган “халқ давлати” тушунчаларига кенг изоҳ берилди.
Н.Усмонова, ЎзА